Бир замон — бир ватан фарзандларимиз
Фото: “Халқ сўзи”
Жойларда ташкил этилаётган маънавий-маърифий дастурлар мазмун-моҳиятида юртимизда шаклланган миллатлараро тотувлик, турли миллат ва элат ҳамда диний конфессия вакиллари ўртасидаги ўзаро дўстлик ҳамда ҳамжиҳатлик муносабатлари умумий ривожланишимизнинг устувор омилларидан бирига айлангани аксини топган. Айниқса, таълим муассасалари, маҳаллаларда бўлиб ўтаётган “Бир замоним — бир ватан фарзандларимиз” шиори остидаги илмий-амалий анжуман, давра суҳбати ва концертлар ҳамюртларимизда Янги Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда ортиб бораётган обрў-эътиборидан фахрланиш туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли.

— Муассасамизда анъанага айланган “Балли, қизлар” кўрик-танловининг бу галги дастури “Халқаро бағрикенглик куни”га бағишланди, – дейди Исъҳоқхон Ибрат номли Наманган давлат чет тиллари институти ректорининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Азиза Мирзаназарова. —Унда беш нафар талабамиз маданиятлар алмашинувини ўзида мужассам этган саҳна кўринишлар орқали ўзбек, рус, тожик, корейс ва қирғиз миллатларининг ўзига хос жиҳатларини акс эттириб бердилар. Савол-жавоблар қисмида эса талаба қизларнинг сиёсий, ижтимоий-маданий, илмий саводхонлик йўналишларидаги билимлари синовдан ўтказилди. Тадбирга ташриф буюрган миллий маданият марказлари вакиллари 1500 дан ортиқ йигит-қиз таҳсил олаётган олийгоҳимизнинг иқтидорли талабалари чиқишини қарсаклар билан олқишладилар.
Айтиш керакки, вилоят шаҳар ва туманларининг барчасида “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасидаги тадбирлар фаол ташкил этилиб, ҳудудларда истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг тили, урф-одатлари ҳамда анъаналари тарғиботига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг