Бир қўлида бешик, бир қўлида китоб

19:46 07 Март 2022 Жамият
942 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона политехника институти магистранти Зарнигор Орипованинг жажжи қизалоғи бор. Оила аъзолари, турмуш ўртоғининг қўллаб-қувватлаши туфайли у илм-фан соҳасининг муҳим йўналиши – кимё технологиялари соҳасида залворли ютуқларни қўлга киритиб келаётган иқтидорли қизларимиздан. Президентимизнинг шу йил 5 мартдаги қарорига мувофиқ Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлангани унинг илм-маърифат йўлидаги интилишларига янада рағбат бўлса, ажаб эмас.

— Мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида иқтисодиётнинг реал тармоқларини жаҳон андозалари даражасида ривожлантиришга катта эътибор қаратиляпти, — дейди Зарнигор. — Шу сабабли замонавий техника ва технологиялар, хусусан, кимё саноати сир-асрорларини қунт билан ўрганишга ҳаракат қиляпман.

Зарнигор илмий изланишлари натижасида кимё саноати соҳасида электрон дастурий ишланмаларини яратиб, Интеллектуал мулк агентлигининг муаллифлик гувоҳномаларини қўлга киритган. 2018-2021 йилларда республика, халқаро илмий нашрларда кимё фанининг долзарб муаммолари ечимига оид 30 га яқин мақолалари чоп этилди. Ҳаммуаллифликда бир неча ўқув-услубий қўлланмаларини яратди. Халқаро илмий-амалий конференциялар, онлайн олимпиадаларнинг фаол иштирокчиси.

Шунингдек, З. Орипова институтнинг Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотида Таълим жараёни сифатини мониторинг қилиш йўналиши етакчиси, талабалар Кенгаши аъзоси. Тинимсиз изланишдан зерикмайдиган бу қиз инглиз ҳамда корейс тилларида китоблар мутолаа қилади. “Ziyonet” таълим тармоғидан илм-фанга оид янгиликлардан доимий бохабар.

Ўз-ўзидан табиий савол туғилади, оила, рўзғор, фарзанд ташвишларидан ортиб, машаққатли ва заҳматли илм йўлида изланаётган бу нозик хилқат вакиласи буларнинг барига қандай улгурар экан?

— Маърифатли, китобхонликни қадрлайдиган оилада вояга етдим ва, бахтимни қарангки, худди шундай оилага келин бўлдим, — дейди қаҳрамонимиз. — Қиз бола, айниқса, келин бўлиб тушган хонадонида эътиборни, рағбат, меҳр ва қўллаб-қувватлашни кўрса, бу унинг оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз ўрнини топишида, илмий фаолият олиб бориб, салоҳиятини намоён этишида ҳал қилувчи роль ўйнашини ўз ҳаётим мисолида кўриб, ҳис қилмоқдаман. Яқинларим, оилам кўмагида ўз соҳамни мукаммал ўрганиб, олима бўлишни, кимё саноатимиз истиқболига ҳисса қўшишни мақсад қилганман.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер