Бир мактабдан 8 та олтин медаль

09:40 20 Июнь 2019 Жамият
1267 0

Бухоро шаҳридаги 2 – умумтаълим мактаби битирувчиларининг 8 нафари ўқишни олтин медаль билан тугатишга муваффақ бўлди.

- Устозларимиз, ота – онамиз ишончини оқлаганимиздан жуда хурсандмиз, - дейди уларнинг бири Жавоҳир Бобоқулов. - Ён – атрофингдагиларнинг сенга ҳавас билан боқишаётганини кўриш, ҳис этиш ёқимли, албатта. Лекин биз муаллимларимиз таъкидлашгани каби, йўл бошида турибмиз. Нуфузли олий ўқув юртларида таҳсилни давом эттириб, малакали кадр бўлиб етишамиз. Юртимиз равнақига ўз ҳиссамизни қўшамиз.

Жавоҳир бу сўзларни мактабни аъло баҳоларда тугатган ўқувчилар билан учрашув чоғида айтди. Вилоят Ёшлар марказида ташкил этилган тадбирда тенгқурларига ҳар томонлама ўрнак бўлган ўғил – қизларга олтин ва кумуш медаллар тантанали тарзда топширилди. Улар шунингдек, вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари билан ҳам тақдирландилар.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бу йил вилоятдаги 528 та умумтаълим мактаби 11 – синфини 16 минг 950 нафар ўқувчи битирди. Уларнинг 144 нафари олтин, 151 нафари кумуш медалга сазовор бўлди.

Тадбирда вилоят ҳокими Ў. Барноев иштирок этди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер