Бир мактабдан 6 нафар олимпиада ғолиби чиқди
Ибратнинг ибратли издошлари Малайзияга саёҳат йўлланмасини қўлга киритишди. Бу хушхабар Тўрақўрғондаги хорижий тилларни ўргатишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат жамоасининг қувончига айланди. Негаки, билимдон ва зукко ўқитувчилар раҳнамолигида бир неча тилларни қунт билан ўзлаштираётган ўқувчилар бирин-кетин нуфузли олимпиадаларнинг ғолибига айланмоқда.
Ўтган йилнинг сентябрь-октябрь ойида мактаб-интернати “SPELLING BEE-2019” олимпиадасининг саралаш босқичида мезбонлик қилган эди. Республика босқичи декабрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилди. Олимпиадада кўпгина ўқувчилар юқори натижага эришди. Айниқса, Моҳинур Одиловага 2-ўринни эгаллаб, кумуш медаль ҳамда 2 миллион сўм пул мукофотига сазовор бўлди. Нозима Маҳмудова, Фарҳод Қодиров, Мухлиса Қўчқорхўжаева, Миржаҳон Мирвалиев, Нодира Фариддиновалар бронза медаллари, 1,5 миллион сўмдан пул мукофотини қўлга киритди. Олти нафар олимпиада ғолиблари битта ижод мактабидан чиқишига сабаб маҳоратли ўқитувчиларнинг самарали меҳнатининг натижасидир.
– Ғолибларнинг барчалари болаларнинг севимли устозига айланган Елена Юрьевнанинг шогирдларидир, –дейди муассаса директори Гулчеҳра ҚАЮМОВА. – У ўн йиллик фаолияти давомида коллеж ва академик лицейларда ишлаб, катта тажриба тўплаган. Вилоят олимпиадаларида ҳакамлик қилган. Энди билим ва тажрибасини ўқувчиларимизга ўргатмоқда. Муҳими, қисқа вақт ичида катта муваффақиятларга эришишини таъминлай олгани билан барча ҳамкасбларига ўрнак бўлмоқда.
Маълумот учун: Ҳозиргача “SPELLING BEE” Англия, АҚШ, Сингапур ва Қирғизистон давлатларида ўтказилган бўлса, 2019 йилда Ўзбекистонга ҳам кириб келди. Бундан салкам 100 йил муқаддам АҚШда ташкил этилган “SPELLING BEE”нинг мақсади инглизча сўзларни тўғри ёзишни, тўғри талаффуз қилиш, маъноларини теран тушунишни ўргатишдир. Демак, мазкур олимпиада тил ўрганишда ўқувчиларнинг фаоллигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
“Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг