Бир кўнгил иморати — минг Макка зиёрати

18:11 21 Ноябрь 2023 Жамият
561 0

Фото: “Халқ сўзи”

Бухоро шаҳридаги Чорбақоли кўчаси 11 – уйда яшовчи Музаффар ота Раҳимовни маҳалладошлари аҳён – аҳёнда йўлда учратиб қолишади. Болалигидан ногиронлиги бўлган 72 ёшли отахон шу атрофдаги дўкондан егулик харид қилгани чиқади. Кейин бир амаллаб кир ювади, овқат пиширади. Китоб ўқийди.

— Бир умр шаҳримиздаги автокорхонада чилангарлик қилдим,— дейди у.— Шукр, нафақа олаяпман.Сизга айтар бўлсам, ёлғизликда китоб энг яқин ҳамроҳим бўлиб қолди.

Отахон ёлғиз яшайди. Бундан 19 йилча муқаддам турмуш ўртоғи хафақон касаллигидан вафот этди — ю бир эмас, икки қанотидан айрилгандай бўлиб қолди. Тўғри, бир ўғли, келини, жажжи неваралари бор. Аммо улар тирикчилик важидан совуқ ўлкаларга ишлагани кетишган. Ота жигаргўшаларини соғинади. Раҳматли жуфти ҳалолини эслаб юм – юм йиғлаб ҳам олади. Шундай кезларда торгина ҳовлига сиғмай қолади...

Айтмоқчи, яқин – яқингача ёғин – сочинли кунлар бошланса эски шаҳарнинг тор кўчаларида яшовчилар юрак ҳовучлаб туришарди. Негаки, кўлмак кечиб ўтишга тўғри келарди. Айниқса, пойдевори ердан номигагина кўтарилган уйларда яшовчиларга қийин эди. Музаффар отанинг қурилганига чамаси 60 йил бўлган чўпкори уйи шундай кўлмак сувлар касофатидан адойи тамом бўлаёзди.

— Уйимнинг пол қисми зах тортди, пойдевори дарз кетди,— дейди отахон.— Шундан сўнг маҳалладан, ҳокимликдан ёрдам сўрадим. Шукр, мени ёлғизлатиб қўйишмади. Ёрдам қўлини чўзишди. Барака топишсин. Менга ўхшаб соғлиғини йўқотган, қийналиб қолган кишиларни қўллаб – қувватлаётган Президентимиз, давлатимиздан миннатдорман.

Нураб қолган иморат ўрнида қисқа муддат ичида кўрса ҳавас қилгулик шинамгина икки хонали уй қад ростлади.Уй ичида ҳожатхона, ювиниш учун шарт – шароит ҳам бор. Ҳовли дарвозаси ҳам янгиланди. Саксон, балки тўқсон миллион сўм маблағ эвазига қурилган уйга боқиб, хаёлдан “Бир кўнгил иморати – минг Макка зиёрати”, деган нақл ўтади.

Бу Бухоро вилоятида амалга оширилаётган эзгу, хайрли ишлардан биргина мисол, холос. Вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси маълумотларига қараганда, ҳозир ўта оғир шароитда яшаётган 70 та хонадон алоҳида ажратиб олиниб, уларга зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда. Жумладан, 28 нафар фуқаронинг турар – жойлари жорий ва капитал таъмирлаб берилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер