Бир ҳафтадан сўнг ерликлар «Қонли ой» ҳодисасига гувоҳ бўлишади
2025 йилнинг 13-14 март кунлари тўлиқ Ой тутилиши ҳолати кузатилади. Ойнинг тўлиқ тутилиши ерликлар учун «Қонли ой» ҳодисасига гувоҳ бўлиш имконини беради, деб хабар бермоқда «Live Science» нашри.
Хабарда айтилишича, жорий йилнинг 13-14 март кунлари Ерда тўлиқ Ой тутилиши кузатилади ҳамда унинг юзаси қизғиш тусга киради. Бу ҳодиса эса «Қонли ой» номи билан машҳурдир.
Маълумотларга кўра, Ойнинг тўлиқ тутилиши умумий ҳисобда олти соат, тўлиқ фаза бўйича эса 65 дақиқа давом этиши кутилмоқда.
Таъкидланишича, ушбу ҳодиса энг яхши кўринадиган жойлари Шимолий ва Жанубий Америка ҳудудларига тўғри келади. Европанинг баъзи ҳудудларида Ой ботиши вақтида қисқа муддатда бу ҳодисага гувоҳ бўлиш мумкин. Шарқий Осиё ҳудудларида эса Ой чиқиши маҳалда бу жараённи қисқа муддатга томоша қилиш имкони мавжуд бўлади.
Маълумот учун, ҳодисага «Қонли ой» номи берилишига сабаб, Ойнинг тутилиш вақтида қизғиш тусга кириши билан боғлиқ. Бу жараёнда ёруғликнинг тарқалиши ҳар хил бўлиб, Ер сайёраси Қуёш нурларини Ойгача етиб боришига тўсқинлик қилади. Аммо, Қуёш нурлари Ер атмосферасинининг маълум қисмлари орқали ўтиб, Ойгача етиб боради. Айни шу жараёнда атмосферадан тарқаладиган кўк, тўқ сариқ ҳамда қизил ранглар Ойнинг қизғиш тус олишига сабаб бўлади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг