Бир дарёдан сув ичган икки халқ

19:57 28 Июль 2023 Жамият
556 0

Фото: “Халқ сўзи”

Географик жиҳатдан Қирғизистон билан қўшни бўлган Наманган вилоятида 20 мингдан ортиқ қирғиз миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти Янгиқўрғон, Чортоқ, Учқўрғон туманларидаги қишлоқларда турмуш кечиришади.

Бир дарёдан сув ичган икки халқнинг урф-одат ва анъаналари ҳам уйғунлашиб кетганки, тўй-тўйчиқ ва байрамларимиз бир-биримизсиз ўтмайди. Халқ ичида обрў –эътибор топган миллатдошларимиз шавкати ўзбек диёридаги бағрикенглик, фарзандларимизнинг мустаҳкам билим олишлари, эмин-эркин меҳнат қилиб, ўз иқтидорларини намойиш этишлари учун катта имконият яратилганидан жуда мамнунмиз. Масалан, Янгиқўрғоннинг Поромон қишлоғида яшаб ўтган сермаҳсул шоир Робиддин Исъҳоқов сулоласини бутун вилоят аҳли яхши танийди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Озода Бегимқулова, қўли енгил жарроҳ Абзалбек Саваев ва бошқа бир қатор юртдошларимиз билан ҳам ҳақли равишда фахрланамиз.

Бугун вилоятда қирғиз тилидаги таълимга асосланган учта мактаб фаолият кўрсатмоқда. Уларда ўғил-қизларимиз ўзбек тили билан бирга ўз она тили ва адабиётини чуқур ўзлаштиришмоқда. Маданий ҳаётимизда ҳам миллийлик мужассам. Бундай анжуманларнинг вилоят марказидаги Дўстлик уйида, турли миллат вакиллари жамулжам ҳолда ўтказилаётганидан бир-биримизга меҳримиз товланади.

Бинобарин, қондош ва жондош икки халқнинг иноқлиги, мақсадларимиз муштараклиги, айтиш жоизки, жойларда амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар ривожи, Наманган вилояти, жонажон Ўзбекистонимиз равнақида муҳим ўрин тутаётганини ҳар бир миллатдошимиз қалбан ҳис этиб яшаётганининг ўзи катта бахт.

Нодира МИРЗАОЛИМОВА,  

 Наманган вилояти қирғиз миллий маданий маркази раҳбари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер