Бир бўғча китоб

12:06 20 Декабрь 2021 Жамият
1096 0

У беш ёшда отасидан, 17 ёшда онасидан ажраб қолди. 1939 йилда ўқитувчилар тайёрлаш билим юртини тугатиб, мактабга ишга кирди. Омонат бир ҳужрада яшади. Уйланди.

Шундан сўнг келин-куёв бошпана важидан қайнотаникига кўчиб ўтди. Йигит мактаб қоровулидан ҳужрада қолган китобу газета журналларни янги манзилига элтиб беришни илтимос қилди.

У ўқувчиларга сабоқ бераётган паллада мактаб қоровули китобларни бўғчага солиб йўлга тушар, уй эгаларига «Куёвингизнинг буюмини келтирдим», дерди. Бўғчани кўрган келиннинг кексайиб қолган содда ота – онаси аввалига «Куёвимиз етим ўсганига қарамай, рўзғорбоп анча-мунча нарса тўплаган экан», деб суюнишар, аммо бўғчадаги китобу газетани кўриб, таажжубланарди. Бу ҳол беш-олти кунча давом этди. Ниҳоят ҳужра бўшади.

Китобу газетага шу қадар меҳр қўйган бу йигит эса мутолаадан бўшамади. Пировардида кам ҳам бўлмади. У кейинчалик машҳур олим, профессор Е. Э. Бертелс, таниқли адиб Ойбек, академик Воҳид Абдуллаев каби зукко инсонлар назарига тушди. Мирзо Бобур шеърияти, ўзбек драматургиясига оид қатор тадқиқотлар қилди. Кўплаб шогирдлар тайёрлади. Турмуш ўртоғи билан бошқалар ибрат олса арзигулик мазмунли умр кечирди. Ўзидан яхши ном қолдириб кетди.

Бир пайтлар бўғча-бўғча китоб билан қайнотасиникига кўчиб келган ўша йигит Бухоро давлат педагогика институти (ҳозирги БухДУ) профессори, филология фанлари доктори Саиджон Алиев эди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер