Билиш ва ўқиш лозим бўлган энг машҳур япон ижодкорлари ва асарлари
Кунчиқар мамлакат адабиёти узоқ шарқ адабий майдонида ўзига хос ўринга эга. Айниқса, япон шеъриятигагина хос бўлган ҳаяку жанри бутун дунёга машҳур ва бугун ушбу жанр бошқа миллат ижодиётига ҳам аста-секин кириб бормоқда. Хусусан, ўзбек шеъриятига ҳам. japanology.org дунёга машҳур япон ёзувчи ва шоирлар ҳамда уларнинг сара асарлари рўйхатини жаҳон китобхонлари эътиборига тақдим этган. Қуйида эътироф этилажак ёзувчи-шоирлар асарларини албатта билиш ва ўқиш лозим, дейдиjapanology.org сайтида. Ушбу қимматли маълумотларни сизга ҳам илиндик.
Кензабуро ОЭ
Ёзувчи романлари, қисқа ҳикоялари ва эсселари сиёсий, ижтимоий ва фалсафий мавзуларга бағишланган. Унинг энг диққатга сазовор асарларидан бири “Шахсий масала” бўлиб, у ярим автобиографик асар ҳисобланади. Шунингдек, икки ака-ука ҳақида ҳикоя қилувчи “Сокин йиғи” ҳам дунё ўқувчилари эътирофига сазовор бўлган.
Банана ЁШИМОТО
“Банана” япон ёзувчиси Маҳоко Ёшимотонинг тахаллуси бўлиб, у истеъдодли оила фарзанди саналади. Ёшимото таниқли шоир ва танқидчи Такааки Ёшимотонинг қизи ва унинг синглиси Харуно Ёико — Японияда таниқли мултфилм устаси ҳисобланади. Банана Ёшимото 12 та роман ва 7 та иншо муаллифи бўлиб, уларнинг энг машҳури “Ошхона” асаридир.
Ҳаруки МУРАКАМИ
Мураками бадиий асарлари учун Японияда ҳам, халқаро миқёсда ҳам кўплаб мукофотларга сазовор бўлган. Унинг романлари асосан, сюрреалистик, меланхолик ёки фаталистик характерларни акс эттиради. Муракамининг асарлари орасида “Ёввойи қўйлар”, “Норвегия ўрмони”, “Қушлар шамоли”, “Кафканинг қирғоқлари” ва бошқалар адабий танқидчилар томонидан ижобий эътироф этилган.
Нацуо КИРИНО
“Назуо” Марико Хашиоканинг тахаллуси. У дунё бўйича аёл ёзувчилар орасида детектив фантастиканинг етакчиларидан саналади. Киринонинг энг таниқли романи “Ташқарида”.
Саусеки НАЦУМЕ
Нацуме Япониянинг яқин ўтмишидаги энг буюк ёзувчиси ҳисобланади. Унинг портрети 1984-2004 йилларда 1000 япон пул бирлиги (минг ен)нинг олд томонида қайд этилган. У “Кокоро”, “Мен мушукман”, шунингдек, “Ёруғлик ва зулмат” номли тугалланмаган асарлари билан танилган.
Кензо КИТАКАТА
Ушбу япон ёзувчиси ўзининг жиноятчиликка доир бадиий романлари билан машҳур. Асарларидаги ўзига хос жиҳат шундаки, ёзувчи аксарият асарларида реал воқеиликка асосланган. Унинг энг машҳур асарлари “Кул”, собиқ рассом ҳаёти ҳақида сўзловчи “Қишки уйқу” ва полиция ва ўғирланган болалар тўдасидан қочиб юрувчи одам қиссаси акс этган “Қочқинлар шаҳри” ни ўз ичига олади.
Кенжи МИЯЗАВА
Япон шоири Миязава ҳаётлик чоғида деярли танилмаган. У ўлимидан сўнггина танилган. Шоирнинг кўплаб асарлари вафот этганидан сўнг нашр этилган. “Галактика темир йўлидаги тун”, “Ҳиссиз виоланчелист”, “Танеямагаҳара кечаси” каби асарлари шулар жумласидандир.
Ясунари КАВАБАТА
Кавабата 1968 йилда адабиёт бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлган биринчи япон муаллифидир. “Қор мамлакати”, “Минг турна”, “Гўзаллик ва ғам” каби асарлар унинг энг машҳур асарларидир.
Юлдуз ЎРМОНОВА тайёрлади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг