“Big Idea Challenge” танловининг навбатдаги босқичи бошланди
Иллюстратив фото
Ушбу билимлар беллашуви Лондон Метрополитен университети томонидан инновацион жараёнларни қўллаб-қувватлаш ва кенг тарғиб этиш мақсадида дунёнинг кўплаб давлатларида ўтказиб келинади.
“Big Idea Challenge” танлови уч босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда юртимиз олий таълим муассасалари талабаларининг турли соҳалар бўйича 230 дан зиёд лойиҳалари қабул қилинган ва барча иштирокчи 23 та гуруҳга ажратилган.
Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида танловнинг иккинчи босқичига старт берилди. Ушбу босқичда қатнашчилар ўз ғоялари истиқболлари хусусида видеороликлар тайёрлаб, Лондон Метрополитен университети экспертлари ва бошқа мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати қаршисида тақдимотини ўтказдилар.
Лойиҳада шаффофликни таъминлаш мақсадида жамоатчилик иштирокига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, ёшларнинг инновацион ғоялари, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг аҳамияти акс этган материаллар марказнинг интернет саҳифасига жойланади ва кейинги босқичга тавсия этиладиган ишлар жамоатчилик томонидан онлайн овоз бериш йўли билан сараланади. Овоз бериш шу йилнинг май ойигача давом этади.
Ғолиб гуруҳ аъзолари 2019 йилнинг июль ойида Лондон Метрополитен университетида бўлиб ўтадиган бир ҳафталик “Launch Pad” тренингида иштирок этиш имкониятини қўлга киритади.
Юлдуз Ўрмонова (“Халқ сўзи”).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг