Бетон қопламали йўллар: тежамкор ва сифатли

15:29 29 Июль 2022 Жамият
1226 0

Фото: Халқ сўзи

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда ички йўлларга бетон қопламалари ётқизиш масаласи илгари сурилгач, ушбу тажриба Андижон вилоятида муваффақиятли синовдан ўтказилиб, бутун республика миқёсида оммалаштириш тавсия этилди.

Айни пайтда Фарғона вилоятида қарийб 16 минг км ички йўллар мавжуд бўлиб, шундан тупроқ йўллар - 2909,7, шағал қопламали йўллар – 6058,5, бетон қопламали йўллар – 44 ва асфальт қопламали йўллар – 6906,8 км ни ташкил этади.

Президентимизнинг жорий йил 18 март куни қабул қилинган «2022-2026 йилларда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, бу йил Фарғона вилоятининг 261 та МФЙ ҳудудида 85км цемент-бетон йўллар, 218 км асфальт қопламали йўллар қуриш ва 228 км йўлларни шағаллаштириш режалаштирилган. Бунинг учун республика бюджетидан маблағ ажратилиб, йўлсозлик ишлари «Шаффоф йўл» платформасида ғолиб бўлган пудратчи ташкилотлар томонидан олиб борилмоқда.

— Мутахассисларимиз томонидан алоҳида қурилмалар яратилиб, амалиётга инновацион ғоялар кенг жорий этиляпти, — дейди «Ўзйўлинспекция»нинг Фарғона вилоят ҳудудий бўлими бош мутахассиси Жаҳонгир Шаропов. —  Бу борада маҳаллий иқлим шароитидан келиб чиқиб, бетон қопламали йўлларнинг ёз ва қиш мавсумида бирдек хавфсизлигини таъминлаш учун жиддий эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда ҳар бир жараён бўйича алоҳида йўриқномалар ишлаб чиқилди. Қўл меҳнатини камайтириш учун автоматик қурилмалардан кенг фойдаланиляпти.

Белгиланган меъёрга кўра, асфальт йўллардан ўртача 8-10 йил, бетон қопламали йўллардан эса 20 йил фойдаланилади. Сифати, тежамкорлиги ва хомашё борасида тақчиллик кузатилмаслиги сабабли яқин истиқболда ички йўлларни босқичма-босқич бетон қопламалари билан таъмирлаш катта самара беради.

Дастур доирасида жорий йилда Қувасой шаҳрининг «Валик» ҳамда «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида 5 млрд. 925 млн. сўм республика бюджети маблағлари ҳисобидан 10 км ички йўлларда жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

— Йигирма йилдан буён биз истиқомат қилиб келаётган Қорасув кўчаси ёзда чанг, қишда лой, ўнқир-чўнқир бўлиб ётарди, — дейди Қувасой шаҳри «Бўстон» МФЙда яшовчи Шодибек Дармонов. —  Йўлларимизга цемент-бетон қопламаси ётқизилаётгани айни муддао бўлди. Йўлларнинг равон, хавфсиз бўлганига нима етсин?!

Айни пайтда Фарғона вилоятининг қатор туманларида ички йўлларга бетон қоплама ётқизиш ишлари қизғин паллага кирган.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер