Бешариқда жаҳон андозалари даражасида фаолият кўрсатувчи гулчилик мактаби ташкил этилади

12:02 08 Апрель 2026 Жамият
257 0

Бешариқ туманида гулчилик ҳудуднинг иқтисодий ривожланиш драйверларидан бирига айланиб, кейинги йилларда ўнлаб маҳаллаларда ушбу соҳага ихтисослашган оилавий тадбиркорлар сафи кенгайиб бормоқда.

Бугун туманда тажрибали тадбиркор сифатида танилган Шуҳратжон Хўжақулов дастлаб ўз хонадонидаги мўъжазгина иссиқхонада гул парваришлашни йўлга қўйган эди. Оила аъзолари биргаликда астойдил меҳнат қилиб, йилдан йилга бир ва кўп йиллик гуллар етиштириш кўламини ошириб бормоқда. Айни пайтда ушбу оила йилига 100 хил турдан ортиқ анвойи гуллар етиштириб, гулчилик ва кўчатчилик соҳасида ўзига хос тажриба мактаби яратди.

Ўтган йили туманнинг «Кулолобод» МФЙ ҳудудида моҳир гулчилар оиласи ташаббуси билан 1 гектар ерда гулчилик плантацияси ташкил этилди. Шу тариқа 50 сотих ерда замонавий иссиқхона барпо этилиб, катта йўл бўйида гуллар савдоси ҳам йўлга қўйилди. Ҳозирда мазкур оила етиштираётган гуллар мамлакатимиз бўйлаб, қўшни Тожикистонга ҳам етказиб берилмоқда.

Эътиборлиси, шу ернинг ўзида қизиқувчилар учун гулзор оралаб мароқли саёҳат уюштириш имконияти ҳам яратилди. Бу янгилик экотуризм ишқибозлари учун жуда ҳам манзур бўлаётир. Айниқса, баҳор ва ёз фаслида мўъжазгина экотуризм манзили пойтахт Тошкент, Фарғона водийси вилоятлари ҳамда қўшни мамлакатлардан келувчи гўзаллик шайдолари билан гавжум бўлади.

— Гуллар бола қалби каби нозик бўлгани учун шамол ва ёмғирда, ҳаво совиб кетганда доимо уларнинг ёнида туришга ҳаракат қиламан, — дейди хонадон бекаси. — Шу боис гулчиликка қизиққан инсоннинг қалби ҳам гўзал, нафис ва назокатли туйғулар билан лиммо-лим бўлиши зарур.

Шунингдек, гулчиликда яхши ният билан меҳнат қилган одам асло кам бўлмайди. Биргина ўтган йилнинг ўзида оиламиз гулчилик соҳасида қарийб 700 миллион сўм даромадга эга бўлди.

Шуҳратжон Хўжақуловнинг маълум қилишича, яқин истиқболда Осиё ва Европа қитъаси мамлакатларидан жаҳон бозорида харидоргир ноёб гул уруғи, кўчатларини олиб келиш ҳаракатини бошлаган. Шу мақсадда илмий-амалий тажрибалар ўтказишга мўлжалланган ихчамгина иссиқхона бунёд этилади.

Ўз навбатида ҳамиша янгиликка интилиб, иш фаолиятида инновация ғоялари ва илғор агротехнологиялардан унумли фойдаланиб келаётган тадбиркор Бешариқ туманида жаҳон андозалари даражасида фаолият кўрсатувчи «Гулчилик мактаби» ташкил этишни ҳам режалаштирмоқда.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер