Бешариқда замонавий «IT шаҳарча» иш бошлади

09:58 10 Апрель 2026 Жамият
191 0

Фарғона вилоятининг энг олис ҳудуди – Бешариқ туманида янги авлод камолотига хизмат қилувчи «IT шаҳарча» фойдаланишга топширилди.

Замонавий шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари асосида қад ростлаган марказда бир пайтнинг ўзида 65 нафар ёшлар меҳнат бозорида талаб ва таклиф юқори бўлган касбларни ўрганади. Эзгу мақсад ижобати учун давлат бюджетидан 540 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Шу тариқа йилига 500 нафардан зиёд йигит-қизларни эртанги кун истиқболини таъминловчи замонавий касбларга ўқитиш кўзда тутилган.

— Бу ерда дастурлаш, компьютер саводхонлиги, веб ва график дизайн, робототехника, сунъий интеллект ҳамда рақамли инновациялар сингари истиқболли йўналишларда ўқитиш йўлга қўйилади, — дейди Бешариқ тумани ҳокими ўринбосари Отабек Алиматов. — Ўз навбатида ушбу соҳага қизиқувчи ёшларнинг масофавий ва онлайн хизматлар кўрсатиш орқали юқори даромадга эга бўлиш борасидаги амалий кўникмалари оширилади.

Айни пайтда марказ фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш учун пойтахт Тошкентдан ҳамда хориждан малакали мутахассислар жалб этиш бўйича амалий ишларга киришилди.

Айтиш жоиз, жорий йилда Фарғона вилоятининг ҳар бир шаҳар ва тумани марказларида «IT шаҳарча»лар фаолияти йўлга қўйилиб, уларда 10 га яқин йўналишларда ўқув курслари ташкил этилмоқда.

Бундай курсларда йилига 5 минг нафардан зиёд янги авлод вакилларини замонавий касбларга ўқитиш ҳамда юқори даромадли иш ўринларига эга бўлишига кўмаклашиш мақсад қилинган. Эзгу ташаббусга кўра, яқин вақт ичида Ёзёвон, Қўштепа ва Олтиариқ туманларида ҳам ана шу каби шаҳарчалар ўз фаолиятини бошлади.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер