Берунийлик 112 ёшли Норжон момога мукофот топширилди
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан Президентимиз фармонига мувофиқ, Беруний туманида яшовчи Норжон момо Зарипова ҳам «Шуҳрат» медали билан тақдирланган эди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Фарҳод Эрманов 112 ёшли Норжон момога «Шуҳрат» медали тантанали равишда топшириб, онахонни байрам билан самимий табриклади.
Норжон момо Зарипова қўлини дуога очиб, ушбу улуғ айём билан барчани қутлади, шундай шодиёна кунларда ёши улуғ кексаларга кўрсатаётган эътибори учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди, юртимиз тинч ва халқимиз фаровон яшашини ният қилди.

Табаррук ёшли онахон умрини далада оддий ишчи сифатида ўтказиб, пахтачилик ва ғаллачилик соҳасида катта тажриба орттирган. Самарали меҳнати орқали мўл ҳосил етиштиришга муносиб ҳисса қўшган.
Бугунги кунда Норжон момонинг 9 фарзанди, 30 набираси, 60 невараси ва 11 эвараси бор. Онахон барча авлодларини ҳамжиҳатликка чорлаб, оила ва жамиятда ибрат намунаси бўлиб келмоқда.
Ғайрат ОТАЖОНОВ
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг