Беруний метроси яқинида сув ичидан 24 ёшли йигитнинг жасади топилди
Фото: Видеодан кадр
Чилонзор тумани Бешёғоч кўчасида жойлашган 4-сонли ГЭСдан 24 ёшли йигитнинг жасади топилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Халқ сўзи»га маълум қилди.
Билдирилишича, жорий йилнинг 12 ноябрь куни фуқаро С.Х. 102-рақамига қўнғироқ қилиб, Чилонзор тумани, Бешёғоч МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи «Анҳор» каналида рус миллатига мансуб эркак кишининг чўкиб кетганлиги бўйича хабар берган.
Ушбу хабар асосида Чилонзор тумани ИИО ФМБ тезкор-тергов гуруҳи ва ФВВ ходимлари томонидан воқеа жойига чиқилиб, каналда чўкиб кетган шахсни топиш чоралари кўрилган ва ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳужжатлари тўпланган.
Кейинчалик маълум бўлишича, шу йилнинг 13 ноябрь куни Учтепа тумани, 24-мавзедаги хонадонлардан бирида яшовчи И.Г. Учтепа тумани ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилиб, унда 2000 йилда туғилган ўғли Б.А. 11 ноябрь куни тахминан соат 15:30 да уйидан чиқиб кетиб бедарак йўқолганлигини, уни топишда амалий ёрдам сўраган.
Бугун, 20 ноябрь куни соат 08:45 да Чилонзор тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисмига тушган хабарга кўра, Чилонзор тумани Бешёғоч кўчасида жойлашган 4-сонли ГЭСдан Б.А.нинг жасади топилган.
Ҳозирда А.Б.нинг бедарак йўқолганлиги ҳолати бўйича Учтепа тумани прокуратурасига терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётганлиги муносабати билан унинг мурдаси топилганлиги ҳолати бўйича тўпланган терговга қадар текширув ҳужжатлари Учтепа туман прокуратурасига юборилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг