Беруний бўлишга шошилмайлик

17:58 17 Апрель 2020 Жамият
1339 0

Ўтган ой бошларида қурилиш ва томорқада ишлатиладиган ускуналар сотиладиган савдо марказига кириб, тўғриси ҳанг-у манг бўлиб қолдим. Сабаби бу ерда биз қишлоқдаги юмушларда ишлатадиган ускуналарнинг – кўплаб қулайликларга эга камида 10-20 хил турлари бор эди. (Ваҳолонки, биз уларнинг энг ибтидоий “вариант”ларини ишлатиб юрибмиз!) Оддий болғанинг бир неча қулайликка эга турларини кўриб ҳайратда қолдим. Сотиб олмасам-да, омбур, болта, токқайчи кабиларни бирма-бир қўлимга олиб, катта қизиқиш билан айлантириб кўрдим. Сабаби уларнинг ҳар бир тури алоҳида-алоҳида “стартап” – униси бунисидан афзал, мен илгари кузатмаган қулайликларга эга эди.

Маҳсулотларнинг бошқа томонига аҳамият қаратганимдан сўнг, ҳафсалам пир бўлди. Сабаби, бу маҳсулотлар бирортаси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмаган экан.

Ўтган йили мамлакатимизда инновацияларга бағишланган эди. Жорий йилимизда эса илм-маърифатни ривожлантириш устувор вазифа этиб белгиланди. Ўтган йилдан бошлаб юртимизда ҳеч қачон кузатилмаган ўзгаришлар юз берди, яъни одамларнинг, айниқса ёшларнинг ихтиролари кимўзарга рағбатлантирила бошланди. Телевидениеда, тармоқларда жойларда қўлбола машина ва ёки шунга ўхшаш нарсаларнинг яратилгани “пиар” қилинди. Айниқса, ёшлар орасида “Ёш ихтирочилар клуби”, “Ёш инновациячилар тўгараги” кабиларнинг фаолиятини йўлга қўйиш ҳам таомилга кирди. Деярли барча вилоятларда худди шундай тўгараклар ташкил этилгани, ҳатто вилоят раҳбарлари томонидан юз миллионлаб маблағлар айнан ихтирочи ёшларга тақдим этилгани юзасидан оммавий ахборот воситаларида бонг урилди. (Бугунги кунда бу тўгараклар ишлаяптими-йўқми, ихтиролар самара бердими-йўқми — билмадим).

Тўғри, ёшларимиздан умид катта. Ўтган йили навоийлик ёшлар томонидан бирйўла кўплаб юмушларни бажарадиган роботлар, инновацион тез тиббий ёрдам машиналари каби бир қатор “ихтиро”ларга ўзим гувоҳ бўлганман.

Яқинда яна бир шундай ёш йигитнинг коронавирус инфекциясини аниқловчи қурилма ихтиро қилганлиги ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда эълон қилинди. Бу яхши “уриниш”, албатта. Бироқ...

Бугун дунёнинг не-не олимлари бош қотираётган масалани бизнинг мактаб ўқувчиси ҳал қилди, дейиш қанчалик ўринли. Айб аввало бизда — катталарда, ёшларда эмас. Уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатига тўғри баҳо беролмаётганимизда. Ихтирочилик рағбатлантирилаётган бугунги даврда уларнинг бу лаёқатини – ички қувватини тўғри йўналтира олмаётганимизда. Айрим масъул идоралар учун ихтиро қилишса бўлди, нимани ихтиро қилишаётгани билан эса уларнинг иши ҳам, дарди ҳам йўқ. Улар мақтаниш учун “фалон вилоятлик ёшлар фалон-фалон нарсаларни яратди”, деса бўлди.

– Афсуски, биз яшаётган жамиятда, вилоятимизнинг ўзида юзлаб “троллар” бор, – дейди Навоий шаҳридаги “Сенсорика” МЧЖ раҳбари Норбек Арзиев. – Улар ҳайбаракаллачилар. Ёлғон нарсани бор, деб кўрсатиб, “биз буюклар авлодимиз”, дея қуруқ гаплар билан ижтимоий тармоқларда пост қолдирадилар. Бундай кайфиятдан воз кечишимиз керак. Бугунги давр қарсакбозлик даври эмас.

Ёшларнинг интилишини сўндирмаган ҳолда айтмоқчиманки, Беруний бўлишга ошиқмайлик. Яъни Беруний фақат илмий исботлари учунгина буюклик даражасига кўтарилиб қолмаган. Бобомиз аввало илми, одоби, сабри, тақвоси (бу рўйхатни яна узоқ давом этиш мумкин) юксак бўлгани учун катта салоҳиятга эга бўлган. Келинг, яхшиси ихтирони робототехника, радиосигналлар орқали ишлайдиган бошқа мураккаб қурилмалар ясашдан эмас, оддий омбурдан ёки токқайчининг мутлақо янги турини ясашга ҳам қаратайлик. Айтайлик, мана бугун ипак қурти боқадиган вақт келди. Ишни енгиллатиш учун қишлоқларимизда пилла боқадиган минг-минглаб кишиларга инновацион токқайчилар яратиб берсак яхши бўларди.

Озод МУСТАФОЕВ,

Навбаҳор тумани

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер