Бердоли беқиёс гўшага айланмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Қамаши туманидаги Бердоли қишлоғи туманнинг энг чекка ва олис ҳудудларидан бири саналади. Чимқўрғон сув омборининг ғарбий қисмидаги кенгликлар узра ястанган ушбу қишлоқда бугунги кунда 5 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, қишлоқдаги йўл, электр таъминоти каби асосий коммуникация тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари бундан 40-50 йил аввал бунёд этилган. Ўтган вақт ичида эса бу ерда хонадонлар сони бир неча баробар ортди, янги-янги кўчалар, гузарлар пайдо бўлди. Натижада эскирган коммуникация тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа объектлари мавжуд талабга жавоб бермай қолди.
— Анча йиллардан буён ички йўлларимиз таъмирталаб ҳолатга келиб қолганди, — дейди “Бердоли” МФЙ раиси Берди Шукуров. — Ўтган икки йил ичида турли дастурлар доирасида қишлоғимиздаги асосий ички автомобиль йўлининг таъмирталаб ҳолатга келиб қолган 15 километрга яқин қисмига асфальт ётқизилди, яна бир қанча ички йўлларимизга шағал тўшаб берилди. Бундан ташқари, электр таъминоти билан боғлиқ муаммоларимиз бартараф этилди.
Бу йил эса Бердолида бунёдкорлик ишлари янада қизғин тус олди. 24 миллиард сўмдан ортиқ ҳомийлик маблағлари асосида қишлоқда 300 ўринли янги мактаб, 100 ўринли боғча, замонавий лойиҳа асосида маҳалла гузари ҳамда спорт майдончалари барпо этилмоқда.
— Бундай ўзгаришларни кўриб, кексаю ёшнинг дили яйрайди, — дейди “Бердоли” МФЙдаги ёшлар етакчиси Насриддин Улашов. — Маҳалламиздаги мактаб 430 ўринга мўлжалланган бўлсада, бугунги кунда ўқувчилар сони 700 нафардан ошиб кетганди. Мана энди янги ўқув йилидан бошлаб янги мактаб ишга тушади ва бу муаммо тўлиқ барҳам топади. Қолаверса, шу вақтга қадар бизда давлат мактабгача таълим муассасаси йўқ эди. Энди эса фарзандларимиз замонавий боғчада таълим ва тарбия олишади.
Қишлоқда барпо этилаётган маҳалла гузари эса ўзининг дизайни, яратиладиган шарт-шароитлари билан алоҳида ажралиб туради.
Лойиҳага кўра, бу ерда маҳалла ходимларининг ҳар бири учун алоҳида иш хоналари, фуқаролар учун кутиш зали, шунингдек, кутубхона, аёллар гўзаллик салони, тикувчилик устахонаси барпо этилмоқда. Маҳалла гузари олдидаги очиқ майдонда эса кичик фаввора қурилиб, унинг атрофида дам олиб ўтириш учун яшил майдон ташкил этиш кўзда тутилган.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг