Бемор акага сингил ўз буйрагини берди
Фото: Халқ сўзи
Жон-жигарлар меҳру оқибати мушкул дамда синовдан ўтади. Бухоролик 43 ёшли Фахриддин Бафоевга шифокорлар томонидан буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилганида бемор ва унинг яқинлари минг бир ташвиш гирдобида қолдилар.
Гап шундаки, буйракни кўчириб ўтказиш амалиёти борасида Ҳиндистон, Исроил каби давлатларда катта тажриба тўпланган. У ерларга боришга эса ҳамманинг ҳам чўнтаги дош беравермайди. Бунинг устига донор топиш муаммоси ҳам бор. Ана шундай қийин паллада Фахриддиннинг синглиси буйрагининг биттасини беришга қарор қилди.
Жарроҳлик амалиёти эса хорижда эмас, ўзимизда, аниқроғи, Бухоро вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ўтказилди. Уни Франция, Ҳиндистон, Россия каби давлатларнинг етакчи клиникаларида малака ошириб қайтган шифокорларимиз муваффақиятли бажардилар. Ҳар иккала беморнинг айни пайтда аҳволи яхши.
— Бир неча йил муқаддам бу каби жарроҳлик амалиётини ўтказишни фақат орзу қилиш мумкин эди, — дейди мазкур тиббиёт маркази директори А. Норов. — Бугунги кунда шундай мураккаб операцияларни ўтказиш учун бизда барча замонавий технологик асбоб-ускуналар ва малакали кадрлар бор.
Таъкидлаш жоизки, бу 2017 йилда қабул қилинган буйрак ва жигар тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисидаги вақтинчалик низомга мувофиқ Бухорода илк бор бажарилган жарроҳлик амалиётидир.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг