Бельгиялик ишбилармон Ўзбекистонга сармоя киритмоқчи
Пойтахтимизда “Agro Fооd Forum — 2018” учинчи халқаро анжумани бўлиб ўтди.
“Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу анжуманда маҳаллий ишбилармонлар, соҳа мутахассислари билан бирга, Бельгия, Голландия, Италия, Россия, Швеция каби ўнга яқин хориж давлатларидан экспертлар қатнашди.
Қайд этилганидек, мева, сабзавот ва полиз маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш, қуритиш, қадоқлаш ҳамда музлатиш усканаларини ўрнатиш, улардан тўғри фойдаланиш борасида халқаро ишбилармонлар билан тажриба алмашиш, ушбу тизимда юртимизда яратилган шарт-шароитлар ҳақида чет эллик тадбиркорларга маълумотларни етказишда бундай анжуманларнинг аҳамияти катта.
— Юртингизда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлардан хабардорман, — дейди Италиянинг “OMIP” компанияси менежери Алфонсо Калифано. — Қолаверса, чет эллик инвесторларга кенг имкониятлар яратиб берилаяптики, бу бизнинг қизиқишимизни оширмоқда. Шу боис анжуманга таклиф этишганида хурсанд бўлиб кетдим. Компаниямиз ўрик, нок, шафтоли сингари меваларни қайта ишлайдиган технологияларни ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бугунги тадбир ўзбек тадбиркорлари билан келишувлар имзолашимизга имконият яратди.
Тадбир доирасида инновацион технологиялар кўргазмаси, хориж ва миллий компанияларнинг тақдимотлари ҳам ўтказилмоқда.
— Юртингизга сармоя киритиб, ўзаро ҳамкорликда янги лойиҳаларни татбиқ этишдан манфаатдормиз, — дейди бельгиялик ишбилармон Лудо Заиди. — Сабаби, ўзбек заминида етиштирилган мева-сабзавотлар белгияликларни ҳайратга солиб келган. Шу боис тадбир давомида биргаликда қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш юзасидан музокаралар олиб бордик.
Шунингдек, анжуманда “Сhiliuz” масъулияти чекланган жамиятининг тантанали очилиши маросими бўлиб ўтди. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 январдаги “Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида иш бошлаган ушбу компания мамлакатимизда хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланади.
— Айни пайтда жамиятнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ҳудудий филиаллари иш бошлади, — дейди “Сhiliuz” МЧЖ директори Фурқат Баҳромов. — Ҳозирги кунда мазкур ҳудудларнинг 18 минг гектардан ортиқ ер майдонида Ҳиндистондан келтирилган “кайен”, маҳаллий “Марғилон 330” каби навлари экилди. Ушбу майдонда 250 — 270 минг тонна ҳосил олинади. У тўлиқ қайта ишланиб, Россия, Индонезия, Малайзия, Веьтнам, Хитой, Жанубий Корея каби давлатларга етказиб берилади.
Анжуманда мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, қуритиш, қадоқлаш ҳамда тезкор музлатиш усканаларининг афзалликлари билан бирга, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳам тажриба алмашилди.
Инновацион технологиялар кўргазмаси эса 6 апрелгача давом этади.
Юртимизда “Сhiliuz” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди.
Дастлабки босқичда 18 минг гектардан ортиқ майдонда аччиқ қалампир экилди.
Қалампир экспортини 150 миллион АҚШ долларидан ошириш кўзда тутилган.
Раҳим ШЕРҚУЛОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг