Бектемир туманида ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш бўйича 42 та ҳолат аниқланди
Фото: “Ўзагроинспекция” матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 ноябрдаги “Тошкент шаҳрида суғориладиган ерлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришда бошқарув тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан пойтахтнинг Бектемир, Сергели, Яшнобод, Мирзо Улуғбек ва Янгиҳаёт туманларига ўтказилган суғориладиган ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгалланишини олдини олиш, ерлардан фойдаланишни ташкил этиш ва муҳофаза қилиш соҳасида самарали давлат назоратини амалга ошириш юзасидан Бектемир туманидаги суғориладиган ер майдонларида назорат тартибида ўрганиш ўтказилди.
“Ўзагроинспекция” матбуот хизмати томонидан маълум қилинишича, ўрганиш натижаларида мазкур туманнинг Забардаст МФЙ ҳудудидаги “Иззатилла Агро” фермер хўжалигига тегишли қишлоқ хўжалик харитасининг 28қ (1018 қ)-контуридаги 43,9 балл бонитетли 1,97 гектар суғориладиган экин ер майдонларида 42 та ҳолатда фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, бетон пойдеворлар, пишган ғиштлар билан ўраб, уй-жойлар қуриш ишлари амалга оширилаётганлиги аниқланган. Бунинг натижасида тупроқнинг унумдор қатламига зарар етказилган.
Ушбу фермер хўжалигига тегишли 1,97 гектар суғориладиган экин майдонида ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқиши натижасида етказилган зарар миқдори 1 348 265 819 сўмни ташкил қилмоқда. Юқорида аниқланган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига маълумот тақдим этилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг