Беданачилик – сердаромад иш
Фото: Халқ сўзи
Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги “Сайфулла, Нурулла, Хайрулла” оилавий корхонаси раҳбари Шаҳло Қурбоновани беданачиликни йўлга қўйишда амалий кўмак сўраб Қорақалпоғистон Республикасига таклиф қилишди.
— Бунга қадар Хоразмга бориб, шу соҳага иштиёқи баланд бир гуруҳ аёлларга бедана боқиш сир-асрорларини ўргатиб келгандим, — дейди “Тадбиркор аёл” ассоциацияси вилоят бўлими бизнес-тренери саналган Ш. Қурбонова. — Ўзимга келсак, 15 йилдан буён уйда беданани кўпайтириш, уни парваришлаш билан шуғулланаман. Ҳовлимиздаги инкубацияларда 18 кунда 7 мингтагача бедана чиқариш имконияти бор.
Биласизми, беданачилик жуда сердаромад соҳа. У унча-бунчага касалланмайди. 35-40 кунда тухумга киради. Парваришлаш учун катта жой талаб қилмайди. Совуққа ҳам чидамли. Озуқасини вақтида бериб, меҳр билан парвариш қилсангиз, бас. Вақтингизни кўп олмайди. Бошқа юмушларга ҳам бемалол улгурасиз. Гўшти ва тухуми инсон саломатлиги учун жуда фойдали. Мен беданачилик ортидан барча ниятларимга эришдим.Туманимиз марказида зоодўкон ҳам очдим. Турли қушлар, балиқлар сотувини йўлга қўйдим. Аквариумни ҳам ўзимиз тайёрлаяпмиз.
Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, бедананинг беш хил насли бор. Японча насли серуруғлиги билан ажралиб туради. Бир йилу уч ой давомида тухум беради. Фаровон насллиси эса 500 граммгача гўшт қилади. Гигант, Техас наслли беданалар ҳам ўзига яраша афзалликларга эга.
Шаҳло опа айни пайтда “Меҳр – шафқат ва саломатлик” жамғармаси вилоят бўлими томонидан ўтказилаётган семинарларда “Аёллар дафтари”га кирган хотин-қизларга ўз тажрибаси мисолида уйда туриб ҳам рўзғорни бут қилиш йўлларини ўргатмоқда.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг