Башарият эъзозидаги шоир
Шу кунларда мамлакатимизда буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллигига бағишланган маърифий тадбирлар, адабий кечалар, илмий анжуманлар, мушоиралар ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати марказий аппаратида бўлиб ўтди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор М.Хожиматов, Ўзбекистон халқ артисти Ё.Аҳмедов ва бошқалар юксак маънавият, дид ва эътиқод фалсафаси, баркамолликка интилишнинг ойдин йўли сифатида буюк бобомиз Алишер Навоийнинг беназир шахси, бетакрор ижодини ўрганиш бугунги кунимиз учун ғоятда долзарб эканини таъкидлади.

— Ҳазрат Навоий асарларида инсонни севиш, қадрлаш, меҳр-оқибат кўрсатиш, саховатпешалик, миллатлараро бағрикенглик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, элга наф етказишни олий саодат деб билиш асосий ғоялардандир, — дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти, филология фанлари номзоди Абдумурод Тилавов. — Етук одоб-ахлоқ соҳиби бўлиш, жами эзгу фазилатларни эгаллаш, замонасининг барча илму ҳунарларини ўзлаштириш, ҳам маънавий, ҳам жисмоний баркамолликка интилиш, доимо элу юрт хизматига шай туриш, ҳалол ва пок яшаш, Ватанга содиқ фарзанд бўлиш, бурч ва масъулият туйғусини ҳамма нарсадан устун қўйиш шоир орзу қилган комиллик йўлидир. Буюк мутафаккирнинг асарлари неча асрлардан буён бутун дунё халқлари томонидан катта иштиёқ ва меҳр билан ўрганиб келинаётгани шундан.
Тадбирда башарият эъзозидаги шоир ғазаллари ва ҳикматларидан намуналар ўқилди.
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг