Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламент ролини оширишда БМТ ТД билан ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди

19:17 05 Ноябрь 2020 Сиёсат
1117 0

2020 йил 3 ноябрь куни БМТ Тараққиёт дастури ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «Ислоҳотларни ва миллий барқарор ривожланиш мақсадларини самарали амалга оширишни таъминлашда парламент ролини ошириш» номли янги ҳамкорликдаги лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган онлайн мажлис бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Танзила Нарбаева, Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Элчи Жон МакГрегор ва бошқа расмийлар иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, бутун дунёда парламентлар барқарор ривожланиш мақсадларини қўллаб-қувватлаш ва амалга оширилишини назорат қилишда тобора муҳим ўрин тутмоқда. Шу жиҳатдан мулоқотда БМТ тузилмалари мазкур йўналишда Олий Мажлис Сенати қўмиталари билан фаол ҳамкорлик қилиб келаётгани алоҳида қайд этилди. Барқарор ривожланиш соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш бўйича институционал салоҳиятни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, бу соҳадаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга қаратилган янги лойиҳа ҳам мазкур йўналишдаги муҳим қадам бўлади.

Мажлисда Ўзбекистон парламенти фаолиятининг кучайтирилиши ислоҳотлар жараёнида интеграциялашув ва жамият ҳамжиҳатлиги ҳамда пандемия билан боғлиқ вазият яхшиланишининг муҳим омилига айланишига урғу берилди.

Лойиҳа доирасида қатор тадбирларни амалга ошириш режалаштирилмоқда. Махсус методологиядан фойдаланган ҳолда парламент аъзолари учун қатор тренинглар ўтказиш, Барқарор ривожланиш мақсадларини тарғиб қилиш ва амалга оширилишини мониторинг қилиш учун институционал салоҳиятни ошириш, шунингдек БРМга эришиш бўйича парламент ҳаракатлар режасини тайёрлаш шулар жумласидандир.

Мажлис давомида янги қўшма лойиҳа 2017-2021 йилларга мўлжалланган миллий ривожланиш стратегиясининг устувор йўналишларига мос келиши ҳамда БРМ ва миллий барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги ютуқларни мониторинг қилишда парламент ролини янада кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер