Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва аҳамияти қандай?

17:06 13 Март 2023 Жамият
587 0

Ўтган йил апрель — сентябрь ойларида Барқарор ривожланиш маркази Фридрих Эберт жамғармаси кўмагида “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш орқали жамиятнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳақида хабардорлигини ошириш” мавзуида тадқиқот ўтказди.

Тадқиқотга кўра, фуқаролик жамияти институтларининг: Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳақида аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш, миллий БРМларни амалга ошириш, хусусан, 16-БРМ, яъни Барқарор ривожланиш мақсадлари йўлида тинчликсевар ҳамда очиқ жамиятлар барпо этилишига кўмаклашиш, барча учун одил судлов имкониятидан фойдаланишни таъминлаш ва барча даражаларда самарали, ҳисобдор ҳамда кенг иштирокка асосланган муассасаларни ташкил этиш, шунингдек, БРМга эришиш борасидаги ихтиёрий миллий ҳисобот ва фуқаролик ҳисоботларини тайёрлашдаги иштирокини оширишга кўмаклашиш, бу борада тегишли тавсиялар ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Айтиш жоизки, мазкур тадқиқот давомида айрим масалаларга, яъни:

— БРМ ва БРнинг миллий мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва ҳиссаси қандай?

— Ҳукумат фуқаролик жамияти институтларининг Миллий БРМнинг мақсадларига эришишдаги ҳиссасини янада ошириш учун қандай саъй-ҳаракатларни амалга ошириши керак?

— Фуқаролик жамияти институтларининг БРМга эришишга кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашнинг қандай самарали усуллари мавжуд ва улар халқаро, минтақавий ва миллий даражада амалиётга тадбиқ этилмоқдами?, деган саволларга ечим топишга ҳаракат қилдик.

Жаҳон тажрибаси фуқаролик жамияти институтларининг БМТ Глобал “Кун тартиби — 2030” ва БРМ ҳақидаги хабардорлигини оширишга катта ҳисса қўшаётганларини кўрсатди.

Барқарор ривожланишнинг 17-мақсади доирасида глобал шерикликни ривожлантириш, шунингдек, бундай шерикликни мустаҳкамлаш учун фуқаролик жамияти институтларини жалб этиш кўзда тутилган. Бугунги кунда БРМ ғояларини илгари суришга улкан ҳисса қўшаётган фуқаролик жамияти коалициялари мавжуд.

Фуқаролик жамиятининг БРМ ва уларни амалга ошириш чоралари ҳақида, шу жумладан барча тегишли тиллар ва мавжуд форматларда маълумотларни олишни таъминлаш орқали жамоатчилик хабардорлигини ошириши муҳимдир. Маслаҳатлар ва иштирок этишнинг бошқа имкониятлари ҳақидаги маълумотлар ўз вақтида ва барча манфаатдор томонлар фойдаланиши мумкин бўлган каналлар орқали тақдим этилиши керак, бунда, албатта, маргиналлашган аҳоли билан ишлашга алоҳида эътибор берилади.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 1996 йил 25-сонли “Давлат ишларини юритиш ва овоз бериш ҳуқуқи ҳақидаги” ва 2011 йил 34-сонли “Фикр эркинлиги ва уларни эркин ифода этиш ҳақидаги” умумий тартибдаги мулоҳазаларида ахборот олиш ҳуқуқи — фикр ва сўз эркинлигини ифода этиш ҳуқуқининг асосий таркибий қисми ҳисобланади. Зеро ахборотга эга бўлмай туриб, самарали фаолият юритиш имконсизлиги қайд этилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашнинг фикр эркинлиги ва уларни эркин ифода этиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш бўйича махсус маърузачиси Дэвид Кэйнинг фикрича, шунчаки ахборот олиш сиёсатини тарғиб қилиш самарали натижаларни бермайди. Бу давлат органлари ихтиёрида бўлган ахборотларни олиш ҳуқуқи халқаро ҳуқуқдан келиб чиқадиган қатъий ва принципиал сиёсат бўлиши керак.

Халқаро ҳамжамият “Кун тартиби — 2030”ни амалга оширишни ўз ичига олган давлат ишларини олиб боришда одамларнинг инклюзив ва шаффоф иштирокини таъминлашда глобал шериклик, шу жумладан, фуқаролик жамияти билан кенг ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим ролини, шунингдек, манфаатдор томонлар ўз ҳиссаларини қўшишларига имкон берувчи инклюзив, хавфсиз ва қулай шароитларни яратиш лозимлигини тан олади.

Шундай қилиб, БРМга эришиш ва бу ҳақда аҳоли хабардорлигини оширишда фуқаролик жамияти институтларининг роли асосан қуйидагилардан иборат:

— жамоатчилик фикрини БРМ мақсадларига эришишга йўналтириш, жамиятда “инсон ҳуқуқлари ва барқарор ривожланиш маданиятини” шакллантириш;

— БРМнинг мазмун моҳиятини аҳолига тушунтириб бериш, хусусан, “яшил ривожланиш”, “билим иқтисодиёти”нинг афзалликлари ва уларга алтернатива мавжуд эмаслигини ифодалаб бериш;

— глобал ва миллий БРМларнинг ҳаётга татбиқ этилиши устидан самарали жамоат назорати ўрнатиш, ижтимоий ҳамкорликни кенгайтириш ва бу хақда аҳоли хабардорлигини ошириш.

Тадқиқотнинг асосий хулосалари ҳам маълум. Биринчидан, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятида БРМларга эришиш бўйича фаолликнинг етишмаслиги. Бунинг сабаби, аввало, фуқаролик жамияти институтлари (ФЖИ) БРМ ҳақидаги сифатли ахборотга эҳтиёж ҳис қилаётгани. ННТларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш учун уларнинг БРМлар барча жиҳатлари бўйича ахборот ва ғояларни излаш, қабул қилиш ва тарқатиш ҳуқуқларини таъминловчи самарали механизм ишлаб чиқиш зарурлигида кўринади.

Сўровномада иштирок этган ҳар тўртинчи ННТ (24,3 фоиз) ФЖИнинг ўзлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтириш тарафдори. Шу сабаб, улар бундай ўзаро ҳамкорлик учун БРМ доирасидаги қандайдир платформага муҳтож.

Иккинчидан, БРМларга эришиш бўйича давлат тузилмалари ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарур.

Тадқиқот натижаси, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари (65 фоиздан зиёд) БРМларни амалга ошириш бўйича вазирлик ва идораларнинг йўл хариталари ижроси ҳақидаги жараёндан бехабарлар. Бу, албатта, улар ўртасидаги ўзаро муносабатларни кучайтириш зарурлигидан далолат беради.

Барқарор ривожланиш соҳасида стратегия ва дастурларни ишлаб чиқиш ва самарали амалга оширишда ФЖИларнинг фаол иштироки (жалб этиш) ва фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга кўпроқ эътибор қаратиши лозим.

Учинчидан, ФЖИнинг БРМни амалга ошириш бўйича ихтиёрий ёки фуқаролик шарҳларини тайёрлашда иштирок этишига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги намоён бўляпти.

Сўровнома натижалари респондентларнинг 33,2 фоизи “малакали кадрлар тақчиллиги” ҳамда “молиявий ресурсларнинг етишмаслиги” (30,2 фоиз), БРМни амалга ошириш учун ихтиёрий ёки фуқаролик шарҳларини тайёрлашда ФЖИга “тўсқинлик қилувчи” асосий омиллар эканини кўрсатди.

ФЖИ халқаро тузилмалар, уларнинг техник ва грант ёрдамларини БРМга эришишга жалб қилинишини муҳим, деб билишади (26,82 фоиз респондент). Ўз навбатида, ушбу халқаро тузилмаларнинг ҳам йиллик (чораклик) ҳисоботлари аниқ мақсад, аниқ рақамлар ва уларга эришиш бўйича индиакторлар билан боғланиши керак. Ушбу материаллар тузилмаларнинг веб-сайтларига жойлаштирилиши зарур.

Элёржон САМИНОВ,

Барқарор ривожланиш маркази директори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер