Баронесса Элисон Сатти: Ўзбекистонда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларнинг амалий натижаларига гувоҳ бўлаяпмиз
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси ва Евросиё Global TB Caucus гуруҳи ўринбосари, баронесса Элисон Сатти бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Меҳмонларга 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш борасида рўёбга чиқарилаётган тизимли ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Сўнгги ярим йил мобайнида парламентда амалга оширилаётган беқиёс ўзгаришлар, чунончи, Олий Мажлис ҳузурида ташкил этилган Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, қуйи палатадаги Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси, Оила ва аёллар ҳамда Ёшлар масалалари бўйича комиссиялар фаолияти тўғрисида батафсил ахборот тақдим этилди. Шу билан бирга, хорижий парламентлар билан ҳамкорлик қилиш доирасида тузилган парламентлараро гуруҳлар, режалаштирилаётган истиқболли лойиҳалар хусусида ҳам қизғин фикр алмашилди.
Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси, баронесса Элисон Сатти самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон ва Буюк Британия муносабатларини мустаҳкамлаш долзарб аҳамиятга эгалигини, икки давлат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш лозимлигини таъкидлади.
— Бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларнинг амалий натижаларига гувоҳ бўлаяпмиз, — дейди Буюк британиялик сиёсатчи Элисон Сатти ўз сўзида. — Юртингизга иккинчи маротаба ташрифим давомида амин бўлдимки, ўтган қисқа вақт ичида барча соҳада туб ўзгаришлар юз бермоқда. Айниқса, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, турли юқумли касалликларнинг олдини олиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар, бу бўйича қабул қилинаётган қонунлар, муҳим давлат дастурлари эътиборга молик. Мақсадимиз, ушбу йўналишда кенг кўламли ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш, фуқаролар соғлиғини таъминлашда барча имкониятни ишга солишдир. Албатта, бугунги ташриф икки томон учун ҳам манфаатли бўлади.
Конструктив ва дўстона руҳда ўтган учрашувда парламентлараро самарали ҳамкорлик ўрнатиш, шунингдек, ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш бўйича тадбирларни биргаликда ташкил этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Зиёда АШУРОВА. /"Халқ сўзи"/
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг