Барча вазирликлар ва вилоят ҳокимликларида Барқарор ривожланиш марказларини ташкил қилиш зарурлиги қайд этилди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш юзасидан биринчи ярим йилликда амалга оширилган ишлар ва келгуси вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Ўтган йили тадбиркорларга 90 триллион сўм божхона ва солиқ имтиёзи, субсидия ва компенсация тақдим этилган.
Эндиликда имтиёз ва субсидиялар мақсадли кўрсаткич билан бир йилга берилиши, натижасига қараб муддати чўзиб берилиши ёки умуман бекор қилиниши белгиланди.
Мутасаддиларга йил якунигача 10 триллион сўмлик асоссиз харажатларни мақбуллаштириш чораларини кўриш топширилди.
Йил бошида 20 та йирик корхонада таннархни 15 фоизга пасайтириш бўйича берилган топшириққа кўра, ўтган даврда харажат 8,3 триллион сўмга ёки 10 фоизга камайди. Бу ишларни, айниқса энергетикада тизимли давом эттириш топширилди.
Жорий йилда ҳудудий корхоналарда 164 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, ўсиш 8,6 фоизни ташкил қилди.
Хусусан, 87 та туманда ҳудудий саноат ўсиши республика кўрсаткичидан юқори бўлди. Лекин айрим туманларда саноат пасайгани, баъзиларида деярли ўсмагани кўрсатиб ўтилди.
Тўлиқ қувватда ишламаётган 295 та корхона фаолияти тикланиб, ишлаб чиқариш ҳажми 390 миллиард сўмга кўпайди.
Вилоят ҳокимлари ва мутасаддиларга яна 2 мингдан ортиқ корхона муаммосини ҳал қилиб, йил якунигача ишлаб чиқариш ҳажмларини тиклаш вазифаси қўйилди.
Умуман, барча вазирликлар ва вилоят ҳокимликларида Барқарор ривожланиш марказларини ташкил қилиш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, таннархни камайтириш, истиқболли бозорларга йўл очиш, ҳудудларда тадбиркорлар масаласини тез ва шаффоф ҳал қилишда 7 та иқтисодий тадқиқот марказлари ва олийгоҳлари имкониятларидан фойдаланиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг