Барча учун бирдек севимли бўлмоқ бахти

17:04 26 Апрель 2022 Жамият
875 0

Фото: Халқ сўзи

Бугун Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун. У ҳаёт бўлганида 68-баҳорни қарши олган бўларди. Шу муносабат билан жойларда адиб хотирасига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Жумладан, Андижон шаҳрида Муҳаммад Юсуф номидаги сўлим хиёбонга пойтахтимиз ва вилоятлардан ижодкорлар, санъаткорлар ва шоирнинг оила аъзолари ташриф буюрди.

Тадбирда Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ижодкорнинг ўзбек адабиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўз юритди. Шундан сўнг шоир шеърларидан сатрлар ўқилган бўлса, унинг қаламига мансуб мисралардан оҳанг олган қўшиқлар янгради.

— Муҳаммад Юсуф ўзининг содда, равон шеърлари билан ҳар бир қалбдан муносиб жой топган, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Сардор Сирожиддин. — Унинг ҳар бир ижод маҳсули самимий сўзлардан таркиб топгани, равон баён этилгани боис барча учун бирдек севимлидир. Шоир ижодининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у баландпарвоз иборалардан, шиорлардан йироқ юрди. Кўз олдимиздаги мавжудликдан, борлиқдан илҳомланиб, тилимиз учида турган сатрларни юрагимизга сингдира олди.

Тадбирда Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф ижод мактаби ўқувчилари ҳассос шоир қаламига мансуб шеърларни ўқиш баробарида ўз ижодларидан ҳам баҳраманд этдиларки, бу орамизда Муҳаммад Юсуфнинг кўплаб издошлари камол топаётганидан далолатдир.

Айтиш жоиз, ҳозирда Андижон вилоятида Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижодига бағишланган ҳафталик бўлиб ўтмоқда. Ҳар бир шаҳар ва туманлардаги ўқув муассасалари ва меҳнат жамоаларида адабий кечалар давом этяпти.

— Юртимизда Муҳаммад Юсуф шеърлари кириб бормаган хонадон йўқ, десам хато бўлмайди, — дейди Маънавият ва маърифат маркази Қўрғонтепа тумани бўлими раҳбари Гулбаҳор Қосимова. — Бунинг ифодаси сифатида туманимиздаги «Жаннатмакон» тадбирини мисол келтириш ўринлидир. Ушбу манзилда истиқомат қилувчи аҳоли ташаббуси билан бевосита хонадонларнинг ўзида челленж ташкил этилди. Унда ёшидан, касбидан қатъи назар, юзлаб ҳамюртларимиз танти шоирнинг беғубор мисраларини тилга олдилар.

Муҳаммад Юсуф номидаги хиёбонда бўлиб ўтган бугунги тадбир унинг номи билан аталувчи ижод мактабида, туғилиб, вояга етган хонадонида, ҳаёти ва ижодидан ҳикоя қилувчи музейда, сабоқ олган мактабида давом этди.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер