Барча соҳаларда инсон манфаатларини таъминлаш бош мақсадга айланган
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”
Жорий йил 27 июнь куни Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама этиладиган масалалар кўриб чиқилди.
Хусусан, сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 208-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги Қонунга алоҳида тўхталиб ўтди.

Мажлисда сенаторлар томонидан сўнгги йилларда жамият ҳаётида касаба уюшмаларининг ўрни ва роли ошиб бораётгани, ташкилот томонидан ишчи-ходимлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиниб, улар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитлари яратилаётгани эътироф этилди.
Қайд этилганидек, ўтган давр мобайнида касаба уюшмалари томонидан ишчи-ходимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш борасида амалга оширилган кўплаб ижобий ишлар амалга оширилди.

Ўтган даврда соҳа ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан 5 425 нафар ишчи-хизматчининг меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, уларнинг фойдасига 11 млрд сўмга яқин маблағ ундирилгани меҳнат қонунчилигини таъминлашда касаба уюшмаларининг ўрни муҳим эканининг амалий тасдиғидир.
Шу билан бирга, меҳнат муҳофазаси бўйича 932 та корхона ва ташкилотдаги ходимларнинг ҳаёти ва меҳнати учун хавф туғдириши мумкин бўлган 5 мингдан зиёд камчиликнинг бартараф этилгани бу борада самарали тизим яратилганидан далолат бермоқда.
Ҳозирги вақтда юртимизда касаба уюшмалари тизимида 34 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотлар самарали фаолият кўрсатиб, соҳа бўйича 6 700 дан зиёд ходим ва 300 мингга яқин фаоллар фидокорона хизмат қилмоқда. 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни республикамизнинг барча ишчи-ходимлари томонидан муҳим сана сифатида кенг нишонланади.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 208-моддасининг биринчи қисмига 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини ишланмайдиган байрам куни сифатида белгилашга қаратилган ўзгартиш киритилмоқда.
Мажлис иштирокчилари томонидан ушбу Қонуннинг қабул қилиниши ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш тизимини янада кучайтиришга хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг