Банкомат "устомон"и

08:26 31 Март 2021 Жамият
637 0

Бугун республикамизнинг ҳар бир ҳудудида пластик картадаги пулни нақдлаштириб берувчи банкоматларни учратиш мумкин. Улар ёрдамида ҳисобимиздаги пул маблағини саноқли дақиқаларда қоғоз пулга айлантириш имкони мавжуд. Бунинг учун амалдаги тартибларни билсангиз кифоя. Акс ҳолда фирибгарлар пулингизни ўзлаштириб олиши ҳеч гап эмас.

Андижон шаҳрида яшовчи фуқаро ҳам ушбу воситада мижозларни лаққа туширишнинг йўлини топди. Бунинг учун содда, ишонувчан ва табиийки, пулни нақдлаштириш тартибидан бехабар одам бўлса кифоя. Бу гал ҳам у текин луқма илинжида Андижон шаҳридаги ана шундай восита ёнида пайдо бўлди. Мижозлар орасида унинг ёрдамига муҳтожлар ҳам топилди. Унга пластик картасидаги пулини нақдлаштириб беришни сўраган аёлнинг пластигини олиб, унинг паролини сўради. Сўнгра ёнида мавжуд бўлган, амал қилиш муддати тугаган картани банкоматга жойлади. Бундай пайтда банкомат пластик картани ташқарига қайтармайди. Мавжуд ҳолатдан фойдаланган фирибгар аёлни банкка мурожаат қилиб, пластик картасини талаб қилишларини уқтирди. Содда мижоз банк томон йўл олгач, фуқаро унинг ҳақиқий пластигини банкоматга жойлаб, аёл айтган пароль бўйича мавжуд маблағни нақдлаштириб олди. Ана энди аёлнинг ишончига кириш учун бу пластик картани ҳам банкоматга жойлаштириш керак. Бунинг ҳам йўли осон. Уч марта нотўғри код териш орқали буни амалга оширса бўлади. Қарабсизки, банк ходимлари банкомат ичидаги аёлга тегишли бўлган пластик картани олиб берадилар. Афсуски, унинг ичидаги маблағ аллақачон ечиб олинган эди. Хўш, бундай вазиятда мижоз кимни айбдор қилади? Албатта, банкни! Ўрганишлар эса фирибгарнинг хатти-ҳаракатини фош қилиб қўйди.

Амалдаги тартибларни ўзлаштириш, улардан унумли фойдаланиш бизнинг манфаатларимизга хизмат қилади. Шундай экан, ҳамма нарсани билишга урининг ва бунга эришинг. Шундагина чув тушиб қолмайсиз. Банкоматни даромад манбаига айлантириб олган фуқарога келсак, у тергов жараёнига жалб этилган.

Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер