Бандлик дастурлари ижроси ўрганилди
Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, одамларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида 5 млн. аҳоли бандлигини таъминлаш, жумладан 2 млн. доимий иш ўринларини яратиш режалаштирилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзолари 24-25 август кунлари Қашқадарё вилоятида бўлиб, Деҳқонобод туманида бандлик дастурлари ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳолатини назорат-таҳлил тартибида ўргандилар.
Деҳқонобод туманида ўтказилган Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар ҳамда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмиталари сайёр йиғилишида ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, охирги олти йилда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида бўй кўрсатмоқда. Айниқса, бандлик, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадини оширишга қаратилган ўзгаришларни ҳар бир фуқаро ҳаётида сезмоқда ва ҳис этмоқда. Буларнинг натижаси халқимизнинг турмуш тарзи ва дунёқараши тубдан ўзгараётганида намоён бўлаётир.
Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, туманда аҳоли сони 157735 нафар бўлиб, меҳнатга лаёқатлилар 79932, иш билан банд аҳоли 55569, шундан расмий секторда бандлар 17936, норасмий секторида бандлар 29328, ишсизлар 5860, ишсизлик даражаси 9,5 фоизни ташкил этади.
Туманда 2023-йилнинг 6 ойи давомида 5268 та иш ўрни яратилган бўлиб, бу йиллик кўрсатгичга нисбатан 79 фоизни ташкил этади. Хусусан, Инвестиция йўналишида ҳудудий инвестиция лойиҳалари манзилли рўйхатига киритилган 76 та лойиҳанинг 32 таси ишга туширилган. Яратилиши керак бўлган 452 та иш ўринларининг атиги 88 таси ташкил этилган ва йиллик режа 19 фоизга бажарилган.
Деҳқонобод тумани 5-тоифага киритилгани сабабли ҳудудда рўйхатдан ўтган 538 та якка тартибдаги тадбиркорлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг 968 млн. сўмлик имтиёздан фойдаланиб келмоқда.
Шунингдек, бандлик хизматлари орқали жорий йилнинг январь-июнь ойлари давомида 3 минг 543 нафар иш билан банд бўлмаган фуқароларга бандлик хизматлари кўрсатилиб, бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан 414 млн 309 сўм маблағлар ажратилди.
Депутатлар ҳудудда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни ижобий баҳолаб, шу билан бирга соҳада учраётган айрим камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли таклиф ва тавсияларни илгари сурдилар.
Муҳокамалар давомида аҳоли бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан парламент назоратининг самарадорлигини янада ошириш, янги иш ўринларини ташкил этиш, аҳоли даромадларини ошириш, шу орқали камбағалликни қисқартириш юзасидан таъсирчан чоралар кўриш лозимлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, келгусида аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга ошириладиган ишлар, инвестиция лойиҳалари асосида янги иш ўринларини яратишни ўз вақтида амалга ошириш юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.
Қонунчилик палатаси депутатлари мазкур учрашувлар давомида Президентимизнинг Фарғона, Тошкент ва Бухоро вилоятларига ташрифи доирасида белгиланган вазифаларни ҳудудларда бажарилиши устидан жамоатчилик ва парламент назоратини амалга ошириш мақсадида Қашқадарё вилоятининг алоҳида табиий шароитларга эга бўлган ҳудудларида меҳнат қилаётган, оғир ва ноқулай табиий-иқлим шароитларида ишлаётган ходимларга тўланаётган иш ҳақи, устамаларни амалдаги меҳнат қонунчилигига мослигини ўргандилар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг