Балиқчи туманида очиқ дренаж тармоқлари босқичма-босқич ёпиқ тизимга ўтказилмоқда

12:08 02 Март 2026 Жамият
353 0

Очиқ дренаж тармоқларини ёпиқ дренаж тизимига ўтказиш аҳоли учун қатор қулайлик ва афзалликлар яратади. Бундай ёндашув, аввало, санитария ҳолатини яхшилаш, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, болалар ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, ер майдонларидан самарали фойдаланиш имконияти кенгаяди, йўллар ва маҳалла ҳудудларининг меъморий қиёфаси яхшиланади. Энг муҳими, ёпиқ дренаж тизими сув оқимини барқарор тарзда йўналтириш орқали ер ости сувлари сатҳини меъёрда ушлаб туришга хизмат қилади.

— Шу боис Балиқчи туманида ҳам очиқ дренаж тармоқларини босқичма-босқич ёпиқ тизимга ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда, — дейди туман ҳокимлиги ходими Музаффарбек Каримов. — Жумладан, Тумор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 500 метр масофада дренаж тармоғини янгилаш бўйича қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳа ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш ва аҳоли учун қулай, хавфсиз муҳит яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Маълумотларга кўра, туманда ўтган йил давомида тадбиркорлар томонидан 15 та хизмат кўрсатиш объекти фойдаланишга топширилиб, 50 га яқин янги иш ўрни яратилди. Навбатдаги босқичда яна 20 га яқин савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш, шунингдек, аҳолига йўл ёқасида хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер