Байрам кунлари дастурхонлар файзли бўлади
Фото: "Халқ сўзи"
Байрамлар арафасида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби одатдагидан кўра, бир неча маротаба ортади. Бу эса бозорларда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи кескин ошишига олиб келиши мумкин. Бунинг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда турли байрамлар олдидан арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари ўтказилиши анъана тусини олган.

Яқинлашиб келаётган Янги йил байрами арафасида Қашқадарё вилоятидаги мавжуд 19 та деҳқон (озиқ-овқат) бозорлари ҳамда йирик савдо марказларида ҳам арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари ташкил қилиниб, уларда полиз, сабзавот, мева ва узум каби шириндан шакар мева-чевалар сотиляпти.

— Бозоримизда мўл-кўллик, бундан эса аҳоли хурсанд, — дейди “Ғузор деҳқон (озиқ овқат) бозори” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Бахтиёр Хидиров. — Янги йил байрами муносабати билан ташкил этилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ҳам халқимиз учун яна бир қулайлик яратади. Қарийб бир ойдан буён давом этаётган ярмаркада гўшт, тухум ва барча турдаги полиз, мева-сабзавот маҳсулотлари “Даладан дастурхонгача” тамойили асосида келтирилиб, арзонлаштирилган нархларда сотилмоқда. Бундан ташқари, туманнинг энг чекка ҳудудларидаги маҳаллаларда ҳам режа-график асосида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаларини ташкил этяпмиз.
Таъкидлаш жоиз, Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимовнинг тегишли топшириғига асосан, Янги йил байрами арафасида ҳудуддаги барча йирик корхона ва ташкилотлар ҳамда кўп қаватли уйлар жойлашган массивларда ҳам кўчма савдо ярмаркалари ташкил этилмоқда.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг