Байрам дастурхони файзли бўлади

15:39 25 Декабрь 2023 Жамият
662 0

Фото: "Халқ сўзи"

Янги йил каттаю, кичик барчамиз орзиқиб кутадиган байрам, олам-олам янгиликлар, яхшиликлар, совға-саломлар улашиш айёми. Байрам олдидан халқимизга кафолатли, арзон нархларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш анъанага айланган.

Самарқанд вилоятида бу йил янги йил байрами арафасида 24 та ҳудуддаги деҳқон бозорларида арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо ярмаркалари ташкил этилди. Уларнинг 6 таси Каттақўрғон туманининг Ингичка, Паяриқнинг Накурт, Нурободнинг Жом қишлоқлари сингари олис манзилларда жойлашган.

Ярмаркаларга асосий турдаги маҳсулотлар бозорлар қошидаги савдо-харид қилиш корхоналари захирасидан, қолганлари фермер хўжаликлари ҳамда тижорат фирмаларидан чиқарилмоқда. Ҳар бир маҳсулотнинг бозор қийматидан арзонроқ нархда сотилиши устидан доимий назорат олиб бориляпти. Истеъмолчиларни алдаш ҳолатларининг олдини олиш учун расталарга маҳсулот нархлари ёзиб чиқилган. Хусусан, мол гўшти 70 минг сўмгача, қўй гўшти 75 минг сўмгача, товуқ гўшти 27 минг, тухум эса 1100 сўмдан қиммат бўлмаслиги керак.

Самарқанд шаҳридаги “Сиёб деҳқон бозори”да ташкил этилган ярмарка ҳам кун давомида харидорлар билан гавжум. Эътиборлиси, бу ердаги айрим маҳсулотлар белгиланган нархдан ҳам арзонроқ сотилмоқда.

— Мана кўряпмиз, ярмаркада мол гўшти 65 минг сўм, қўй гўшти 70 минг сўмдан сотиляпти, — дейди фуқаро Кимё Маматова. — Бошқа турдаги маҳсулотларнинг ҳам имкон қадар арзон нархларда сотилиши таъминланган. Маҳсулотларнинг сифати ҳам яхши, нархлари ҳам арзонроқ. Деҳқон ва фермерларнинг самимияти, очиқлиги кишининг кайфиятини кўтаради. Бу эса байрам олди барчага манзур бўлмоқда. Ташкилотчилик учун мутасаддиларга миннатдорлик билдираман.

Ярмаркада фермерлардан ташқари 30 га яқин тадбиркорлик субъектлари, қандолатчилар иштирок этаётгани харидорларнинг танлаш имкониятини оширмоқда.

Ярмаркалар 2024 йилнинг 10 январига қадар давом этади. Мақсад янги йил байрами арафасида ва байрам кунлари вилоятдаги барча шаҳар ҳамда туманлар марказларида ички истеъмол бозорини асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан қилишга қаратилган.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер