Байрам арафасида Тошкент вилояти ҳудудларида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилди
Фото: Халқ сўзи
«Наврўз» умумхалқ байрами ва муборак Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан Тошкент вилоятидаги маҳалла ва гузарлар, боғ ва хиёбонлар, тарихий зиёратгоҳлар ҳамда қабристонларни ободонлаштиришда ёшу кекса ҳамжиҳатликда меҳнат қилди. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги тадбирда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг ёйиш, санитария-гигиеник маданиятни тарғиб қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлашга асосий эътибор қаратилди.
— Биринчи галда ижтимоий ҳимояга муҳтож кексалар, пенционерлар ва ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз қариялар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашиш ишлари амалга оширилди, — дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг Тошкент вилояти бўлим раҳбари Дилшод Шоисманов. — Умумхалқ хайрия ҳашарида ҳудуддаги 1 минг 22 та маҳалладан 710 минг 767 нафар (шундан ёшлар 406 минг 885 нафар) аҳоли иштирок этди. 942,5 га майдонлар ободонлаштирилиб, ҳудудлар маиший ва қурилиш чиқиндиларидан тозаланди. 103,6 км ариқ ва зовурлар, сув йўллари қазиб чиқилди. 968 та қабристон, 25 та зиёратгоҳ ободонлаштирилди. Яхши ниятлар билан 85 минг тупдан ошиқ манзарали, 41 633 туп мевали дарахт ҳамда атроф-муҳит ободонлигини таъминлаш мақсадида 240 минг 909 туп гул кўчатлари ўтказилди, Саксон минг тупга яқин дарахтларга шакл берилиб оқланди.

Келтирилган рақамлар ўз йўлига, бу ишларнинг натижадорлиги муҳим. Шундай эмасми?! Бу галги хайрия ҳашарида қатнашганлар қалбида ана шундай эзгу мақсад мужассам эди. Чунки умид билан экилган ҳар бир туп кўчат илдиз отиб, тутиб кетиши, хиёбонлар ва кўчаларга кўрк бағишлаши, боғу роғларга айланиб, сархил мевалар бериши – асосий масала. Шу боис нуронийлар ёшларни ва масъулларни белгиланган вазифаларни сидқидилдан бажаришга ундадилар. Чунки бу галги ҳашар «Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки» шиори остида ўтказилдида!
Тадбир доирасида вилоятдаги 394 та оиланинг уй-жойлари ҳам таъмирланди. Бу ишлар «Саховат ва кўмак» жамғармаси томонидан молиялаштирилди. Шунингдек, эҳтиёжманд оилалар, ногирон ва ёлғиз қарияларга 244 млн. 566 минг сўмлик моддий ёрдам ҳам кўрсатилди.
Шодиёр МУТАҲАРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг