​​​​​​​​Баҳор мушоираси

19:32 06 Март 2024 Маданият
971 0

Ҳалима АҲМЕДОВА

* * *

Бир сеҳрли кунда,

Бир гўзал кунда

Менинг қўлларимни сўрайди фалак,

Шунда зарраларим хўплайди қуёш,

Шунда барг кафтида ўйнайди юрак.

Кўзларимнинг маъюс қорачиғини

Чўқиб тугатади шодлик қушлари.

Паришон сочимга нигоҳин боғлаб,

Кўнглимни тўлдирар соғинч тушлари.

Эрксиз хаёлларим,

Тутқун хаёллар,

Райҳон нафасига беркинади жим.

Негадир тупроқни суя бошлайди,

Осмон юрагини кийган вужудим.

Бир юпанч қонимда умид ўстириб,

Шафақ айвонида тикар беланчак.

Бир сеҳрли кунда,

Бир гўзал кунда

Менинг қўлларимни сўрайди фалак...

Зебо МИРЗО

* * *

Шовуллаб

Бошимдан ўтади ойлар,

Қуёшлар сўнади олис-олисда.

Дунёнинг

                энг ўткир телескоплари

Илғар бир юлдузни зангори тусда.

Олис-олисларда

                          тўқнашиб кетар

Улкан метеорит-қоятошлари.

Шу зангор юлдузни

                                  англамоқ бўлиб,

Учар юзлаб сунъий ер йўлдошлари.

Улар бонг уришар

                              топилди дея,

Янги бир ер шари,

                              ё Одам, Ҳавво

бадарға бўлмасдан зулмат тубига

Яшаб ўтган ўша

жаннатий маъво.

У шундай,

                  бир лаҳза пайдо бўлар ва

У шундай,

                  лаҳзада бўлади ғойиб...

Бир лаҳза “ялт” этар Осмон кўзида,

Дунёда неки бор, сирли, ғаройиб.

Осмон бир лаҳзаси –

                                минг йилларга тенг,

Ҳозир ўртамизда масофалар бор.

Балки сен...

                  дунёга келган маҳалинг,

мен кетган бўламан бундан умидвор...

Балки учрашамиз, ерда ё кўкда,

Балки ечилади бир кун асотир.

Аммо юрагимда –

                          зангор кенгликда –

Ҳозир мўъжизалар бўлмоқда содир.

Ҳозир бўлинаман

                            минг бир бўлакка,

Жисмим зарралардай cочилар тайин.

Бу хабар сарғайган cаҳифаларда

Сенга етиб борар

                              минг йилдан кейин...

Ёлғизим, ишқ умри ҳасратларга тенг,

Ишқ бу – сир,

                    йўқ унинг бахт формуласи.

Ишқ – бу минг йил олдин

                    сўнган юлдузнинг

Сенга етиб келган олис шуъласи...

Куюнма, қани деб,

                чекмагил қайғу,

Вақт менинг йўлимни бахтларга бурган.

Ахир, етиб келдим!

Ахир, менман бу –

Титроқ ёшларингда йилтираб турган!..

Гулжамол АСҚАРОВА

ПАРВОЗ СОҒИНЧИ

Мен умримни қушларга дон каби сочиб бердим,

Урвоғу ушоқ экан, нон каби сочиб бердим,

Ва қушларга дунёнинг эшигин очиб бердим!

Хайр-хуш ҳам айтмайин қушлар учиб кетдилар.

Бир ютум ҳаққим билан бир дунё бахт изладим,

Йиртиқ ковушим билан бир тилло тахт изладим,

Қуёшдек қизиб бордим, қайтаримда музладим!

Кафтимга куҳ-куҳласам музлар кўчиб кетдилар.

Йигитнинг белбоғида кўзимни боғлади ишқ,

Қизиган темир босиб, кўксимни доғлади ишқ,

Ўша доғлари ичра кўнглимни чоғлади ишқ,

Нақшлар қолди фақат, доғлар ўчиб кетдилар.

Дунё ноғорасига ўйнаб-ўйнаб чарчадим,

Бармоғим қарсиллатиб, қийнаб-қийнаб чарчадим,

Кулолдек хом лойимни ийлаб-ийлаб чарчадим,

Қайтиш хабарин берсам... руҳлар чўчиб кетдилар.

Шу қирқ йиллик сайримда сайёраларни кўрдим,

Оқ булутларни ўпган тайёраларни кўрдим.

Овга чиққан овчимни кийикдек кутиб турдим,

Овчим эса қонимни ичиб-ичиб кетдилар.

Барибир бу дунёга келганим яхши бўлди,

Келмаслик яхшилигин билганим яхши бўлди,

Бору борлиғим аро парвоз соғинчи тўлди,

Руҳимнинг занжирини қушлар ечиб кетдилар.

Қушлар учиб кетдилар...

Наргиза ОДИНАЕВА

* * *

Менинг умрим ҳали бошлангани йўқ,

Кутган рангига оч ҳали кўзларим.

Лабим қуригани билан қорним тўқ,

Тақдирнинг муҳридай ботиқ изларим.

Тухум босаяпти какку инида,

Ўтиб кетаяпти дунё ҳувиллаб.

Оғриқлар уйғонган қадр тунида

Ўзингга етолсанг Ўзига йиғлаб.

Бир зум тингани йўқ томирда пойга,

Кулдим пойимдаги ерни аллалаб.

Доғи тўлган сайин шайдоман ойга,

Бўри “ув”идаги бахтни чамалаб.

Дўмбиранинг тори бўзлаб ўқиган

Достондаги “оҳ”дай кўнгил жазодир.

Чақмоқ, шамол, ёмғир, шомдан тўкилган

Бари вазнсизлик ичимда содир.

Баҳор осилади олча шохига,

Пастларга об қочар дарё сувини.

Яшагиси келар одам гоҳида

Эшитмоқлик учун руҳнинг “ув”ини.

Башорат ОТАЖОНОВА

* * *

Ихлос билан йўлга чиққан одам

Ҳар бир қадамини хайрга йўяр

Қанотида ихлос ташиган қуш

Ҳаво оқимларин танир бемалол

Ихлос билан ариқ лабига тошган сачратқи

Илдизларин эркин қўяр тупроққа

Тоғдан из олган сувни

Уммонгача етказар ихлос

Сенга мактуб юборгандим,

Бу орада:

Ихлос билан йўлга чиққан одам

Муроду мақсадига етди

Қанотида ихлос ташиган қуш

Омон қайтди олис шимолдан

Ариқ лабига тошган сачратқи

Яшил гиламга айланди

Тоғдан из олган сувни

Уммонгача элтиб қўйди ихлос

Мен эса ҳануз жавоб кутяпман...

Меҳриноз АББОСОВА

* * *

Осмон оқ гул сочар, ваъдалар сочар

содда дарахтларнинг кўнглини хушлаб.

Замин кўраётган оппоқ тушларнинг

таъбирин топмоққа шошилар қушлар.

Хазина отамнинг, олим отамнинг

чироқсиз тунларда қалами нишлар.

Шаҳарнинг ялтироқ давраларида

жаранг сочаверар бўм-бўш “идиш”лар.

Ҳеч йўқ бўлса эдим бир ўтин, бир ҳас,

Ёдим зулматида онам қунишар.

Қишлоқда аёллар туғиб чарчамас,

Ўйлар тугамайди, битмас юмушлар.

Оқариб кўринар майсалар нурдай–

ёриб чиққан мисол ерни сут тишлар.

Гарчи қор устига қор ёғар бунда,

Юрагимда пинҳон бир баҳор қишлар...

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер