Баҳор Бойсундан бошланади

16:00 21 Март 2022 Жамият
4303 0

Фото: Халқ сўзи

Жануб қуёшининг иссиқ тафти она ер бағрига илиқлик олиб кира бошлади. Сабз уриб чиқаётган майсалар, куртак ёзаётган дов-дарахтлар, шарқироқ сойлару яшиллик бурканаётган қиру адирларда яна баҳор нафаси ҳукмрон. Ҳа, юртимизда баҳор Сурхон воҳасининг тоғу қирлари, уфққа туташиб кетган кенгликларидан бошланади. Илло, ҳамон пурвиқор тоғларда қаҳратон қишнинг совуқ ҳарорати сақланиб қолаётган бўлсада, унга басма-бас музлар бағрини ёриб чиқаётган бойчечаклар юртга баҳор келганини овоза этаётир. Фасли баҳор эса ҳар доим ўзи билан яшариш, янгиланиш айёми – Наврўзни бошлаб келади.

Наврўз — янги кун, шарқона йил боши ҳисобланади. Кун ва туннинг тенглашиши, табиатдаги ўзгаришлар, экин-тикин ишларининг бошланиши — буларнинг бари ҳамал кириб, амал бошланганидан даракдир. Халқимиз бу айёмни азалдан катта шоду хуррамликлар билан қаршилаган, халқ сайиллари авжига чиққан.

Давлатимиз раҳбарининг қарорига биноан бу йилги Наврўз умумхалқ байрами мамлакатимизда «Ассалом, Наврўз — янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!» деган бош ғоя асосида нишонланмоқда. Шу боис миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир ватандошимиз Янги Ўзбекистон шароитида Наврўзи оламни ўзгача руҳ, шукуҳда қаршиламоқда. Бу айём азалдан кишиларни борлиқни асраб-авайлашга, табиатга уйғун бўлиб яшашга ундаган. Зеро, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Наврўз халқаро байрам сифатида эътироф этилиши ҳам бежизга эмас. Наврўз айёми мудом табиатни асраш, инсонни қадрлаш, юксак инсонпарварлик ғояларни улуғлашга хизмат қилган.

Сурхона воҳасига баҳорнинг, Наврўзнинг ташрифи ҳақида сўз борганда, беихтиёр кўз ўнгимизда сўлим Бойсун манзаралари гавдаланади. Зотан, Бойсун - миллий қадриятлар бешиги. Бойсунликлар ҳар доим Наврўз байрамини катта тайёргарлик, зўр кўтаринкиликда нишонлашга одатланган. Бу йил ҳам шундай бўлди.

Наврўз байрами муносабати уюштирилган умумхалқ сайлида аждодлардан мерос миллий маданий бойликлар, халқ амалий санъати ва ҳунармандчилиги, айниқса, халқ оғзаки ижоди намуналари кенг намойиш қилинди. Дарвоқе, Бойсун туманининг маданий муҳити 2021 йили ЮНEСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилган бўлиб, бу ердаги бой номоддий маданий меросни бор ҳолича сақлаш бугунги авлод зиммасига ҳам катта масъулият юклаши табиий.

Бойсун минтақасида, айниқса, халқ ҳунармандчилиги кенг ривож топган. Буни Наврўз байрами арафасида тумандаги Ёшлар истироҳат боғида ташкил этилган миллий ҳунармандчилик фестивали яна бир бор тасдиқлади. Унда юзлаб ҳунармандлар ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.

— Гилам тўқишнинг сир-асрорларини момоларимдан ўрганганман, — дейди ўн бешдан буён тўқувчилик билан шуғулланиб келаётган ҳунарманд Мафтуна Азизова. — Саккиз нафар шогирдим билан бу йилги Наврўзга муносиб туҳфа тайёрладик. Туя жунидан тайёрланган 30 метрлик «Оқ эн» гиламини тўқиб тугатдик. Бунинг учун қарийб 8 ой меҳнат қилдик. Бизнинг ҳудудда гилам тўқишнинг 5 хил тури мавжуд, аммо ҳар бирининг тўқиш услуби ва нақшлари бир-биридан фарқланади. Биз тайёрлаган ушбу гилам айнан Бойсун ҳунармандларига хос хусусиятларни ўзида акс эттирган. Мақсадимиз, аввало, тўқувчилик санъатини мазмунан бойитиш, қолаверса, яқинда бўлиб ўтиши кутилаётган «Бойсун баҳори» фестивали қатнашувчиларига ўзига хос совға тайёрлаш, айниқса, хорижий меҳмонлар эътиборини қозонишдан иборатдир.

Мамлакатимизда ҳунармандчиликни кенг ривожлантиришга қаратилган юксак эътибор натижасида Бойсун туманида ҳам ўз фаолиятини кенгайтираётган моҳир ҳунар эгалари кўпаймоқда. Агар 2018 йилда туманда 30 нафар ҳунарманд расмий фаолият олиб борган бўлса, ҳозирда улар сафи 500 нафардан ошган. Ўндан ортиқ маҳаллалар халқ ҳунармандчилигининг турли йўналишларига ихтисослашган бўлиб, улар ҳудуднинг ўзига хос «драйвери»га айланган.

— Биз ҳунармандлар оиласимиз, аслида маҳалламизда бичиш-тикиш билан шуғулланмаганлар кам топилади, —  дейди бойсунлик чевар Солия Рамазонова. — Эсимни таниганимдан қўлимга игна олиб, момоларим кўмагида дўппи, кашта тикишни бошлаганман. Энди ўзим шу иш билан доим машғул бўлиш билан бирга кўплаб қизларга устозлик ҳам қиляпман. Ҳунармандчилик муҳитида ўсаётган фарзандларимиз келгусида тайинли касб-кор эгаси бўлиши аниқ. Уй шароитида ўзинг ёқтирган иш билан банд бўлиш, даромад топишга нима етсин...

Айтиш керакки, Бойсун дўппилари, кашталари ўзининг ранги, нақши, тикилиш услуби билан алоҳида ажралиб туради. Тикувчилик учун керакли хом ашёни ҳам ўзимиз тайёрлаймиз, унга турли рангда бўёқ берамиз. Маҳсулотларимиз хорижликларни доим мафтун этиб келади.

Тумандаги ҳунармандчилик фестивали Наврўз умумхалқ сайлига уланиб кетганида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Наврўз кунлари ўтказиладиган тантаналарда миллий урф-одат ва қадриятларни ифодаловчи кўргазмалар ташкил этилиши анъана тусини олган. Намойиш этилаётган халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъати намуналари кўргазмаларида халқимизнинг ўтмиши, ижтимоий ҳаёт тарзи ўз ифодасини топган.

Дарвоқе, Бойсун элининг тўй-тантаналарида фольклор жамоалари чиқишларига кенг ўрин берилади. Ўзининг мафтункор санъати билан мухлислар қалбидан чуқур жой олган бадиий жамоаларнинг репертуари бениҳоят бойлиги ва ранг-баранглиги билан олқишларга муносибдир. Чунончи, халқ руҳиятини ўзида акс эттирган фольклор санъати дурдоналарида ҳаёт завқи, тириклик шукронаси, тинчлик ва дўстлик, биродарлик ва ҳамжиҳатлик тараннум этилади.

— Бойсунни унинг санъатга шинаванда одамларисиз тасаввур қилиб бўлмайди, — дейди уста созанда Бўриқул Жумаев. — Ота-боболаримиз мавсумий, кундалик ҳаёт тарзи, касбий характердаги қўшиқларни зўр маҳорат билан ижро этишган. Бизнинг «Бойсун» халқ этнографик бадиий жамоамиз аждодларимиздан бизгача етиб келган куй, қўшиқ ва жозибадор рақсларни ижро этиб, халқимиз меҳрини қозонишга эришяпмиз. Жамоамиз репертуаридан суякли, сополли ҳамда оддий қамишли созларда ижро этиладиган куйлар ҳам кенг ўрин олган. Масалан, сибизғанинг ҳам дардли, ҳам ўйноқи жаранги ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Фаолиятимиз давомида турли халқаро тадбир ва танловларда ҳам иштирок этмоқдамиз. Сибизға каби миллий чолғуларимиз, айниқса, хорижликларда катта қизиқиш уйғотади. Аждодларимиз ақл-заковати билан яратилган бундай нафис мусиқий мерос ҳар қанча фахрга арзийди.

Наврўз олами кенг нишонлаётган шу кунларда бойсунликлар яна бир нуфузли халқаро тадбирга катта тайёргарлик кўришмоқда. Таъкидлаш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 7 февралдаги «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан апрель ойида Бойсун тумани нуфузли санъат байрамига мезбонлик қилади.

«Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивали доирасида халқ сайиллари, концертлар, миллий таом ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмаларини ташкил этиш, воҳанинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар уюштириш, этноспорт, веломарафон каби турли беллашув, танлов ва шоу дастурлар намойиш этилиши кўзда тутилган.

Айни пайтда эса Бойсун бўйлаб Наврўз сайли давом этаркан, уйғониш фаслининг завқи ва шавқи диллардан дилларга кўчмоқда. Эзгулик, бунёдкорлик ва яратувчанлик иштиёқи Бойсуннинг пурвиқор тоғлари каби бўй чўзмоқда.

Илҳом Раҳматов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер