“Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилади
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Юртимизда турли миллат ва элат вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, миллатлараро тутувлик ва бирдамликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Бағрикенглик ҳафталиги» Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турли миллат ва дин вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатлик, ҳурмат, бағрикенглик ғояларини мустаҳкамлашга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга.
Термиз шаҳридаги Матбуот уйида бўлиб ўтган анжуманда асосий тадбирлар Термиз шаҳри, чегараолди туманлар ҳудудларида уюштирилиши ҳақида атрофлича маълумот берилди.
— Вилоятимизда 3 та ноисломий ташкилот, 4 та миллий маданий марказ фаолият олиб боради, — дейди Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича мажмуаси котибияти мудири Рустам Чориев. — Бу тадбирлар 30 дан ортиқ турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ривожлантиришга, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
«Ўзбекистон — бағрикенг диёр» шиори остида ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирлар доирасида китоблар кўргазмаси, шунингдек, олий ўқув юртлари, умумтаълим мактаблари, профессионал касб-ҳунар муассасалари ва маҳаллаларда ёшлар вакиллари ўртасида бағрикенглик ғоясини кенг тарғиб қилиш мақсадида махсус ўқувлар ҳамда спорт мусобақалари уюштирилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг