Бағдодда ноёб зотли отлар кўпайтирилмоқда
Фото: "Халқ сўзи"
Ботир МАДИЁРОВ/ «Халқ сўзи». Фарғона вилоятининг Бағдод тумани азалдан полвонлари, моҳир чавандозлари билан машҳур. Айни кунларда туманда йилқичилик, от спорти замонавий мезонлар асосида ривожлантирилиб, маҳаллий ҳамда дунёга машҳур зотлардан насл олиш йўлга қўйилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 11 март кунги «Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, туманда ушбу тармоқни 2025 йилгача ривожлантириш дастури қабул қилинган. Айни пайтда «Бойчибор учқуни» фермер хўжалигида 25 дан ортиқ маҳаллий қорабайир, Туркманистондан келтирилган ахалтекин ҳамда Полша, Россиядан олиб келинган Европанинг машҳур зотлари парваришланмоқда.
— Яқин истиқболда йилқичилик, от спорти бўйича ўз брендимизни яратишни мақсад қилганмиз,— дейди фермер хўжалиги раҳбари Абдулазиз Ботиров. — Илмий-амалий ҳамкорлик доирасида қадимий қорабайир зотли отдан хўжалигимиз тасарруфидаги лабораторияда насл оляпмиз, яқин кунларда ахалтекин отлари болалайди. Шунингдек, Европадан энг машҳур улоқчи отлардан олиб келиб кўпайтиряпмиз. Ҳозирда 10 га яқин улоқчи отларимиз бор.
Моҳир чавандоз улоқчи отларига «Қўқон», «Бойсун», «Чемпион» каби номларни қўйган ва улар билан ўзбекча гаплашади. Чавандознинг қайд этишича, отлар эгасини ҳидидан танийди. Эътибор ва меҳрни яхши кўради. Шу боис у ҳар куни қадрдон дўстдек бўлиб қолган отлари билан соатлаб гаплашиб роҳатланади. Фарғона водийси, қўшни мамлакатларда ўтказиладиган улоқ-кўпкари мусобақаларида ғолиб бўлганида отларига ўзгача илтифот кўрсатади.
Озуқа базасини ривожлантириш учун фермер хўжалигига Марказий Фарғона ҳудудидан 15 гектар экин ери ажратилган. Бу ерда беда, арпа ва маккажўхори экилиб, йил давомида озуқа таъминоти барқарорлигига эришиляпти. Фермер замонавий йилқичилик комплекси қуришни ҳам режалаштирган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг