Бағдодда етиштирилган балиқлар водий ва Тошкент вилояти бозорларига етказиб берилмоқда
Бағдод туманининг Марказий Фарғона ҳудудида жойлашган “Шўртепа ойдин кўли” балиқчилик фермер хўжалигининг 64 гектар сунъий кўл ҳавзаларида оқ амур, дўнгпешона, сазан (карп) сингари балиқлар парваришланиб, Фарғона водийси вилоятлари ҳамда Тошкент вилояти бозорларига етказиб берилмоқда. Фермер хўжалигида 10 та доимий ва 20 та мавсумий иш ўринлари яратилган.
–Балиқчилик соҳасига ихтисослаштирилган илмий муассасалар мутахассислари билан ҳамкорликда хўжалигимизнинг ўзида чавоқ етиштириш, омухта ем ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилган, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Мирзакарим Нишонов. –Яқинда фермер хўжалигимиз томонидан яна бир лойиҳа амалга оширилиши натижасида 30 тонна сиғимга эга музлатгичли омборхона барпо этилди. Бу ерда балиқ маҳсулотлари замонавий усулда музлатилиб, яроқлилик муддати узоқ вақт сақланган ҳолда сифатли тарзда истеъмолчиларга етказиб берилмоқда. Фермер хўжалиги қошида балиқни саноат усулида қайта ишлаш фаолияти ҳам йўлга қўйилиб, шартнома асосида Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмлари консерва маҳсулотлари билан таъминланяпти.
Фермер хўжалиги балиқчилик тармоқларини янада ривожлантириш мақсадида жорий йилда “Ипотека-банк”нинг Қўқон филиалидан 120 миллион сўм имтиёзли кредит олди. Фермер хўжалиги раҳбари фаолиятни жаҳон андозалари даражасида ривожлантириш мақсадида Вьетнам тажрибасини ўрганиб келди. Шу тариқа яқинда хитойлик тадбиркорлар билан шартнома имзоланиб, янги технологияларни олиб келиб ўрнатиш эвазига бир неча турдаги консерва маҳсулотлари ишлаб чиқариш имкони яратиляпти. Асосий мақсад консерва маҳсулотларини хорижга экспорт қилишга қаратилган.
Элёржон ЭҲСОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг