Азиз Абдуҳакимов 23 ёшида Туризм қўмитаси раисига ўринбосар бўлган Саидакбархон Акбаровнинг лавозимидан кетгани сабабини очиқлади

16:48 18 Декабрь 2020 Жамият
2199 0

“Tashkent city”даги Congress Hall мажмуасида «Тошкент ёшлар форуми — 2020» доирасида «Тошкентнинг маданий ва туристик қиёфаси – 2030» мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтмоқда. 

Унда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов форум иштирокчилари томонидан берилган саволларга жавоб берди.

Саидакбархон Акбаров 23 ёшида Туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланганди. Бу тайинлов ёшлар учун мотивация бўлган эди. Унинг бу лавозимдан кетишининг сабаби нимада?

"Бу йигитимиз ишга жуда яхши киришди. Бу жуда катта лавозим ва катта масъулият талаб қилади. Бунақа лавозимда ишлаган одам бутун вақтини ишга бағишлаши керак. У ҳали дипломга эга эмаслиги учун ўзи бу лавозимдан кетишини айтди. Диплом олиши кераклигини ва ўзини бизнесда синамоқчи эканини айтиб, қўйиб юборишимизни сўради.

Ташкилот раҳбарининг ўринбосари бўлиб ишлаш учун жуда катта тажриба керак. Саидакбар учун бу тажриба бўлди. Биз унга қўлдан келганча ёрдам бердик. Аммо унинг ўзи бу лавозимдан кетишни сўради".

Чет элликлар учун қулайлик яратувчи мобил иловалар ишлаб чиқилмаган. Яъни, шаҳарни таништириш учун нимадан фойдаланишни билмайди? Шу каби масалалар қачон кўриб чиқилади?

«Бу камчилик бор. Биз туризмни ривожлантириш қўмитасининг расмий сайтида бу каби инновацион ечимлар учун танловлар эълон қилганмиз. Агар кимда шундай дастурлар ва стартаплар бўлса, танловда иштирок этишингиз, ғояларингизни беришингиз мумкин».

Нега тил билса ҳам, 10 ойлик ўқув курсини тугатмаганларга таржимонлик қилишга рухсат берилмайди?

«Аввало, таржимон-гид Ўзбекистон тарихини яхши билиши керак? Тилни яхши билсада, тарихий билими етарли бўлмаган гидлар туристларга нотўғри маълумотларни тақдим этади. Бу эса Ўзбекистон имижига жиддий путур етказади. Шунинг учун тегишли курсларни битириб, кейин ушбу фаолият билан шуғулланиши мақсадга мувофиқ», - деди А. Абдуҳакимов.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер