Азалий дўстлик ва ҳамкорликни ўзида жамлаган ёшлар форуми
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон ва Тожикистон ёшлар ташкилотлари форумининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур тадбир икки қардош халқ ёшлари ўртасидаги дўстлик ва стратегик ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Форумда Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ходимлари, Ёшлар парламенти аъзолари, ахборот технологиялари соҳасида юқори натижаларга эришган лойиҳа модераторлари ҳамда Тожикистондан келган ёшлар ташкилотлари ва гуруҳ ёшлар, шунингдек, IT соҳасида фаолият юритаётган йирик бизнес вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида йиғилганлар эътиборига икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларига бағишланган видеоролик намойиш этилди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Қодиржон Асадов сўзга чиқиб, меҳмонларни самимий қутлади ва форум иштирокчиларига эзгу тилаклар билдирди. Тожикистон ёшлар иттифоқи раиси ўринбосари Умеджон Раҳимзода эса ўз сўзида икки давлат ёшлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳақида фикр билдирди.
Мазкур форум доирасида замонавий технологиялар мавзусига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, тожикистонлик мутахассис Тоҳир Саидзода ўз чиқишида бугунги кунда сунъий интеллект инсон ҳаётининг турли соҳаларига кенг жорий этилаётганини таъкидлади. У «Саидзода» муҳандислик ширкати томонидан ишлаб чиқилган «Ameena» иловаси ҳақида маълумот бериб, мазкур дастур орқали халқаро ва қардош тилларни сунъий интеллект ёрдамида ўрганиш имконияти яратилганини қайд этди.
Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш масаласи ҳам форум муҳокамаларининг муҳим йўналишларидан бири бўлди. «Ҳамсол ба ҳамсол» («Тенгдош тенгдош билан») нодавлат нотижорат ташкилоти вакили Нигора Валихўжаева ёшлар ўртасида тиббий саводхонликни ошириш, уларни соғлом ҳаёт тарзига йўналтириш ва бу борада халқаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Расмий тадбир якунига етгач, иштирокчилар ўзаро мулоқот қилиб, танишувларни давом эттиришди. Биринчи кун якунида меҳмонлар учун Тошкент шаҳри бўйлаб маданий саёҳат ва меҳмондорчилик дастури ташкил этилди.
Бир сўз билан айтганда, мазкур йиғилиш нафақат ёшлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, балки икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилувчи муҳим майдон сифатида намоён бўлди.
Форум 28 мартгача давом этади.
Шоҳрўз МЎМИНЗОДА, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг