Аёзли кунлар, паст босим, газ баллон ва мурожаат...

13:19 20 Октябр 2023 Жамият
312 0

Фото: “Халқ сўзи”

Куз-қиш мавсумида газ таъминоти масаласида фуқаролар турли муаммоларга дуч келиши, айниқса, олис ҳудудларда табиий ва суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжнинг ортиши туфайли турли эътирозларга сабаб бўлиши бугун янгилик эмас. Бироқ, муаммони бартараф этишдан кўра олдини олган маъқул, деган ҳаётий ҳақиқат мавжуд. Шу мақсадда аҳолини ташвишга солаётган масалаларни ўрганиш ва уларга ечим топиш мақсадида “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти “Мурожаатлар билан ишлаш” бошқармаси бошлиғи ўринбосари томонидан вилоятда навбатдаги сайёр қабул ўтказилди.

Дастлаб Кармана туманининг Варқ маҳалласи ҳамда Навоий шаҳридаги Зиёкор маҳаллаларида бўлиб ўтган сайёр қабулларда аҳолининг табиий газ босими бир маромда етказилишига оид таклифлари тингланди. Ўз навбатида хонадон эгаларига куз-қиш мавсумида газ жиҳозларидан эътиборли фойдаланиш, носоз қўлбола ностандарт газ печларидан фойдаланмаслик юзасидан тушунчалар берилди.

Шунингдек, Хатирчи туманининг Навбаҳор маҳалласида бўлиб ўтган сайёр қабулда ҳам қиш мавсумида аҳолига табиий ва суюлтирилган газ муаммосиз етказиб берилиши, бунинг учун соҳа ходимлари томонидан амалга оширилган тайёргарлик ишлари бўйича маълумот берилди. Фуқаролар кўтарган масалалар ижроси жараённинг ўзида масъул ходимларга топширилиб, мурожаатнинг тез ечим топиши таъминланди.

— Сайёр қабулда маиший газ баллон олиш бўйича мурожаат қилдим, дейди аҳоли вакилларидан бири Фазлиддин Шакаров. – “Хатирчитумангаз” газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан менга керакли ҳужжатларни тайёрлашим айтилди. Ортиқча оворагарчиликсиз маиший газ баллон билан таъминланишимдан хурсандман.

Ўтган йилги аномал совуқ Нурота туманининг Ғафур Ғулом маҳалласида табиий газ босими анча пасайиши билан, аҳолига анчагина қийинчилик туғдирганди. Жорий йил эса кузги-қишки тайёргарлик даврида айни ушбу маҳаллада газ босимини кўтариш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилди. Маҳалла биносида ўтказилган сайёр қабулда газ босими пасайиши билан боғлиқ аҳолининг хавотирли саволларига мутахассислар томонидан амалга оширилган ишлар бўйича ахборот берилди. Ҳар бир мурожаат эътиборда эканлиги таъкидланиб, маҳалла фуқаролари билдирган муаммолар бўйича таклиф ва ечимлар кўрсатилди.

  — Йил бошидан буён Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига вилоятимиз аҳолисидан газ таъминоти билан боғлиқ 963 та мурожаат келиб тушган,— дейди “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали назорат ва мурожаатлар билан ишлаш бўлими етакчи мутахассиси Мавжуда Аҳмедова. – Шу кунга қадар ушбу мурожаатларнинг 931 таси кўриб чиқилиб, 806 таси ижобий ҳал этилди. Шунингдек, 125 таси бўйича тушунтириш берилиб, 32 та мурожаат кўриб чиқилмоқда.

Албатта, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг манфаатлари туради. Унга ҳеч бўлмаганда қулоқ тутиш, ҳақли талабни жойида ҳал этиш, муаммолар юзасидан тушунча бериш ҳам киши кўнглини тоғдек кўтаради. Бу жиҳатдан юзма-юз мулоқотларнинг аҳамияти ниҳоятда муҳим.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер