Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази Навоий вилояти бўлими янги бинода иш бошлади
Фото: “Халқ сўзи”
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқнинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Чунончи, мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланиб, шу асосда Президентимизнинг 2021 йил 19 майдаги “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди.


Мазкур қарор асосида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика, ҳудудий ва туманлараро намунали марказлар ташкил этилиб, Марказнинг Навоий бўлими бугунги кунда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларга аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш борасида самарали фаолият олиб бормоқда.


— Марказимизда мурожаат этган аёлларга руҳий, иқтисодий ва жисмоний зўравонликлар оқибатларини бартараф этувчи психологик, тиббий ёрдам билан бирга ҳуқуқшунослар томонидан ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак кўрсатилади, — дейди ҳудудий бўлим директори Наргиза Эрмаматова. — Жорий йилнинг 9 ойи давомида марказимизга 1099 нафар аёл мурожаат қилган бўлса, уларнинг 531 нафари жисмоний, 319 нафари руҳий, 221 нафари иқтисодий ва 29 нафарини эса жинсий зўравонликка учраган хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг 449 нафарига психологик, 419 нафарига ҳуқуқий, 232 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилди. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоиз, марказ оила бузилиши тарафдори эмас. Марказимизга мурожаат этган ҳар учинчи оилада бугун соғлом муҳит ҳукмрон.

Энди Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази Навоий вилояти бўлими янги, ҳар томонлама қулай, замонавий жиҳозланган бинода ўз фаолиятини давом эттирадиган бўлди. Унинг тақдимот маросимида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Республика маркази директори Муқаддам Расулова иштирок этиб, аёлларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз бўлиш, нафақат давлат органлари зиммасида балки фуқаролик жамияти институтлари шунингдек, ҳар бир инсон масъуллигини таъкидлади.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг