Аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш тизими янги босқичда
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш тизими сезиларли даражада ривожланмоқда. Бу жараённинг асосий мақсади оилавий зўравонлик, камситиш, меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқлар бузилишини олдини олиш, шунингдек, аёллар ва болаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлашдан иборат. Янги босқичда тизимнинг самарадорлигини ошириш учун қонунчилик, ижтимоий дастурлар ва профилактика механизмлари интеграция қилинмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2026-йил 3-мартда “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги ПФ-33-сон фармон қабул қилинди. Мазкур фармоннинг асосий мақсади аёллар ва болаларга нисбатан содир этиладиган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини камайтириш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ҳамда ижтимоий-тарбиявий ва ташкилий механизмларни такомиллаштиришдан иборатдир.
Ушбу фармон инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглиги соҳасида миллий қонунчиликни ривожлантиришга хизмат қилади, хавфсиз муҳит яратиш, оилавий зўравонликни камайтириш ва профилактика тизимини кучайтиришни кўзлайди ҳамда халқаро стандартларга, хусусан БМТ аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенсияси (CEDAW) ва Болалар ҳуқуқлари конвенцияси билан уйғунлаштирилган.
Фармондаги асосий вазифалар ва чора-тадбирлар сифатида ҳуқуқий механизмларни кучайтириш орқали аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик учун жазо чораларини аниқлаш ва уларни самарали қўллаш, маҳаллий ҳокимият органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фаолиятида аниқ стандартлар жорий қилиш ҳамда жиноят ва ҳуқуқбузарликлар ҳолатларини тизимли таҳлил қилиш ва мониторинг тизимини яратиш назарда тутилди.
Бундан ташқари, ташкилий ва профилактика чоралар орқали профилактика инспекторлари ва ижтимоий хизматлар фаолиятини кенгайтириш, маҳаллаларда ва таълим муассасаларида ижтимоий-маърифий тадбирлар ўтказиш ҳамда зўравонлик қурбонларига психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш белгиланди.
Шунингдек, маҳаллалар ва жамоатчиликни жалб қилиш орқали ҳар бир маҳалла ва мактабда жамоатчилик кузатув гуруҳларини шакллантириш, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари орқали маърифий ва ҳушёрлик кампанияларини олиб бориш ҳамда волонтёрлар ва ННТларнинг иштироки орқали жамиятда зўравонликка қарши маданиятни ривожлантириш кўзда тутилди.
Эндиликда аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига қарши курашишнинг аниқ механизмлари ва амалий чоралари белгиланди. Жумладан, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб ҳимоя ордери берилган жабрланувчи хотин-қизларнинг алоқа воситаларига, яъни телефон, планшет ва бошқа қурилмаларига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари тўғрисида зудлик билан хабар бериш имконини берувчи (“SOS” чақирув) “my.ihma.uz” мобил иловаси уларнинг розилиги билан ўрнатилади.
Фармоннинг ижтимоий аҳамиятли жиҳатларидан бири ҳомиладор талаба-қизлар ва ёш оналар учун таълимни давом эттириш имкониятларининг кенгайтирилишидир. Энди курсдан қолган талабаларга ўқишни тиклаш имкони берилади, масофавий таълим шакли кенгайтирилади ҳамда академик таътил даврида ҳам ўқишни онлайн давом эттириш имконияти яратилади. Бу эса аёл-қизларимизнинг тақдири фақат эрта турмуш билан чекланиб қолмасдан, уларнинг таълим олиш ва касб эгаллаш ҳуқуқи устувор эканини англатади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, янги босқичдаги аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш тизими нафақат қонунчиликни мустаҳкамлашга, балки ижтимоий, психологик ва молиявий қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштиришга қаратилган. Бу ўз навбатида жамиятда гендер тенгликни ошириш, оилавий зўравонлик ва камситиш ҳолатларини камайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, ушбу янги тизим профилактик ёндашув, замонавий мониторинг ва самарали ёрдам механизмлари орқали халқаро стандартларга яқинлашмоқда.
Дилфуза Абдуллаева,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг