Аёллар ипак либослари: тарих ва замонавийлик
Мамлакатимизда музейлар фаолиятини янада такомиллаштириш, шунингдек, бу соҳада халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, турли мавзуларда ўзаро ҳамкорлик асосида кўргазмалар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ ва Маданий мерос агентлиги буйруғига асосан давлат музейларида “Аёллар ипак либослари: тарих ва замонавийлик” мавзусида кўргазмалар ташкил этилмоқда.

“Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонасидаги Тош ҳовли саройи тарихий-меъморий мажмуасида Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи билан ҳамкорликда шу мавзуда кўргазма очилди. Кўргазмадан ўзбек аёллари кийим-кечаклари билан бирга Тайланд давлати қироллиги аёллари ипак либосларидан намуналар ҳам ўрин олган.
Кўргазманинг очилишига бағишланган тадбирда музей ходимлари, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар қатнашди. Маросимда ушбу кўргазманинг тарихни, миллий анъаналарни ўрганиш ва тарғиб этиш баробарида мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги дўстлик, ҳамкорликни мустаҳкамлашда ҳам катта аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.

Тадбир давомида иштирокчиларга Хоразм вилояти қўғирчоқ театри ижодий жамоаси томонидан театрлашган томошалар ҳамда концерт дастури ҳам намойиш этилди.
Шу йилнинг 29 март кунигача намойиши давом этадиган нодир экспонатлардан иборат кўргазма кўҳна шаҳарга ташриф буюраётган чет эллик ҳамда маҳаллий сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда ва унутилмас таассурот бағишламоқда.
О.ИСМОИЛОВ, журналист.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг