«Аёллар дафтари»: оилаларда янги ҳаёт нафаси
Фото: Халқ сўзи
Бағдод туманининг «Матқулобод» МФЙда истиқомат қилувчи Гулнора Усмонова яқин-яқингача ўз хонадони томорқасидаги бодом ҳосилини бозорга чиқариш ва ушбу мева кўчатларини етиштириб сотиш орқали рўзғор тебратар эди. Маҳаллада хонадонма-хонадон хатлов ўтказилгач, у «Аёллар дафтари» рўйхатига киритилди. Тадбиркорликни йўлга қўйиш истагини билдиргач, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан фоизсиз қайтариш шарти билан 36 миллион сўм миқдорида молиявий кўмак олди. Бодом кўчатлари етиштириб сотиш учун 10 сотих ер майдони ҳам ажратилди.

Шу тариқа «Гулнора Матқулобод бодомлари» ишлаб чиқариш кооперациясини ташкил этган қаҳрамонимиз касаначилик асосида юз нафардан зиёд маҳалладош опа-сингилларини ҳам ишли қилди.
— Ҳозирда вилоят бўйлаб хом бодом мевасини йиғиб олиб, касаначи оилаларда табиий усулда қуритамиз, — дейди Гулнора опа. — Кейин хонадонимиздаги махсус жиҳозларда ички бозорга чиқариш, экспортга йўналтириш учун қадоқлаймиз.
Айтганча, тадбиркор қўшни давлатларга бодом экспортини ҳам йўлга қўйди. Кўчатчилик тармоғини ривожлантириш учун 10 сотих ернинг шўри ювилиб, маҳаллий бодом навларини экиб кўпайтиришга тайёрлаб қўйилди.
Таъкидлаш жоизки, 2022 йили Фарғона вилоятида қарийб 80 минг нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари»га киритилди. Тадбиркорлик қилиш истагини билдирган 3 минг 268 нафарига 32,8 млрд сўм кредит ажратилди. 929 нафари уй-жой билан таъминланган бўлса, 1 минг 175 нафарига турар-жой компенсациялари тўлаб берилди. Деярли 25 минг нафари доимий иш ўрни билан таъминланди. Ўтган йили вилоятда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 20 минг 642 нафар хотин-қизларга кредит ажратилишига эришилди.
Хусусан, «Аёллар дафтари» кўмагида бешариқлик Ҳуснида Алматова 23 млн. сўм банк кредити эвазига хизмат кўрсатиш шохобчасини очган бўлса, олтиариқлик Гулсанам Отаназаровага узумзорини кенгайтириш учун 30 млн. сўм кредит олди. Бувайда туманида яшовчи Одина Ҳасанова эса мўъжаз тикув цехи эгасига айланди.
— Бундай мисоллар жуда кўп ва «Аёллар дафтари»да рўйхатда турган опа-сингилларимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, ўз лаёқати ва ҳунари билан оилада, жамиятда ўрнини топиши учун кўмаклашиш ишлари тизимли давом эттирилмоқда, — дейди Фарғона вилояти оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Комила Кавлонова. — Вилоятнинг ҳар бир шаҳар-туманида хотин-қизлар тадбиркорлиги марказининг филиаллари очилиб, ишсиз аёллар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарлар бўйича ўқитиляпти. Ўтган йил давомида Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги томонидан 1 минг 131 нафар хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун 7 млн. сўмдан 10 млн. сўмгача субсидиялар берилди.
Бундан ташқари вилоятда 62 та хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, ўтган йили ҳудудларда 10 дан ортиқ ана шундай марказлар иш бошлади.

Риштон туманининг «Ёйилма» МФЙда яшовчи Нигора Охунжонова тикувчилик курсини тамомлагач, унга субсидия асосида тикув машинаси берилди. Ҳозирда ўз хонадонида буюртма асосида аёллар, болалар либослари, пардалар тикишни йўлга қўйган Нигора «устоз-шогирд» анъанаси асосида 15 нафар маҳалла қизларига чеварчилик ҳунарини ўргатяпти.
— Авваллари бир ўзим уйда ўтириб ишлаган бўлсам, давлатимизнинг беғараз кўмаги билан имтиёзли кредит олиб, бугунги кунда 10 нафарга яқин маҳалладошларимни ёнимга олдим, — дейди Тошлоқ туманининг «Пиёзчилик» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи косиб-тадбиркор Муқаддас Солиева. — Тошлоқ тумани ҳокимлиги ёрдамида маҳалладаги 39-умумий ўрта таълим мактабида косибчилик цехи ташкил этиб, дарсдан сўнг 35 нафар ўқувчиларни шу ҳунарга ўргатяпман.
Бугунги кунда Фарғона вилоятида «Аёллар дафтари» бўйича тўртинчи босқич ишларини шакллантириш борасида хатлов жараёни давом этмоқда. Пировардида 900 мингга яқин хонадонларнинг яшаш шароити ва бандлигини яқиндан ўрганиш ҳамда 100 минг нафардан зиёд хотин-қизларни ижтимоий дафтарга рўйхатга олиш режалаштирилган.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг