Аёллар бандлиги — оилалар ва жамият фаровонлигининг муҳим шарти
Фото: Халқ сўзи
Навоий вилоятида бугун 500 минг нафардан ортиқ опа-сингилларимиз ўзларининг камтарона меҳнати ва изланишлари билан иқтисодий ислоҳотлар, маънавий янгиланиш ва жамият демократлашуви жараёнларида иштирок этмоқда. Хусусан, вилоят таълим соҳасида ишлаётганларнинг 68, соғлиқни сақлашда 66, қишлоқ хўжалиги ва саноатда қарийб 40 фоизини аёллар ташкил этса, 60 минг нафарга яқин онахон ва момоларимиз кексалик гаштини сурмоқда.
Жамият ҳар доим аёлдан рўшнолик қарздорки, мамлакатимиз Президентининг қатор фармон ва қарорларида бу масала изчил қамраб олинган. Шу асосда Навоий вилоятида ҳам аёлларнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг оилада, ижтимоий ҳаёт ва давлат қурилишидаги ролини оширишга қаратилган тадбирлар амалий натижасини бермоқда. Айниқса, аёллар бандлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар алоҳида эътиборга молик.
— Қувонарлиси, кичик бизнес ва тадбиркорликка қўл урган, ўзи ва дугоналари учун иш ўринлари яратаётган аёлларимиз, ёш қизларнинг сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда, — дейди Навоий вилояти Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари Гулсанам Норова. — Шу жиҳатдан вилоятимизда бугун тадбиркорлик билан шуғулланаётган опа-сингилларимиз сонини беш йил аввалги кўрсаткичлар билан солиштирадиган бўлсак, бир неча баравар ортгани гувоҳи бўламиз. Чунончи, 2019-2022 йилларда 16 йўналиш бўйича жами 8789 нафар хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилиб, 689 нафар аёл ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. Шу билан биргаликда, 512 нафар камбағаллик рўйхатида турган хотин-қизлар иш билан таъминланди.

Шундай тадбиркорлардан бири — Наргиза Севарова жами 1,5 гектар майдондаги иссиқхонада сабзавот маҳсулотлари ва барра кўкатлар етиштириш орқали уч йил олдин ўз бизнесини бошлаган бўлса, бугунги кунда йилига ўрта ҳисобда 130-150 тонна помидор, 100-120 тонна бодринг, 60-70 миллион сўмлик зиравор кўкатлар етиштириб, маҳаллий экспортчилар воситачилигида Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Беларус каби давлатларга сотмоқда. Тадбиркор томонидан 100 нафардан ортиқ аёлларнинг бандлиги таъминланди.
— Мана шундай юзлаб хотин-қизларни ишли қилаётган тадбиркор аёлларимизнинг сафи кенг, — дея давом этади Г. Норова. — Ишлаб чиқариш соҳасида юздан ортиқ хотин-қизларга янги иш ўринларини яратган Орзигул Исанова, Фарида Хидирова, Мунира Ҳамроева, шунингдек, тадбиркорликнинг кўп тармоқли йўналишида Сарвиноз Фармонова, хизмат кўрсатиш соҳасида Зуҳро Нарзиева ва Лобар Йўлдошева фаолиятини бунга мисол сифатида келтиришимиз мумкин.
Яқинда «Тадбиркор аёллар мулоқоти : Ўзбекистон-Қирғизистон йўл харитаси ижроси натижаси» мавзусида ўтказилган халқаро бизнес-форумда марказимиз ҳам Ўзбекистон делегацияси сафида иштирок этиб, «Ўсиш академияси» интеллектуал ривожланиш маркази ўртасида аграр соҳа бўйича 3 млн. АҚШ долларлик ҳамкорлик шартномаси ҳамда «Тамаrа техтilе» МЧЖ ва «Ару узам» ўқув марказлари билан ўзаро келишув меморандуми тузилди.
Қўшимча қилиш жоиз, Навоий вилояти Хотин-қизлар тадбиркорлик марказида аёлларнинг қизиқишлари, интилишлари ҳамда лаёқатига мос касбни эгаллашлари учун ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервис каби соҳалар бўйича ўз стартап лойиҳаларини тайёрлаш йўлга қўйилган. Шу билан бирга улар ўртасида «Хотин-қизларнинг энг яхши стартап лойиҳаси» танлови ўтказиб келинмоқда. Чунончи жорий йилдаги танловда 357 нафар иштирокчи орасидан 16 нафари ғолиб деб топилди ва уларнинг фаолиятлари учун имтиёзли кредитлар ажратилди.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг