Аёл маърифати – жамият саодати
Фото: Халқ сўзи
Фарғона политехника институтида вилоят прокуратураси ҳамда Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамкорлигида «Аёл маърифати жамият саодатидир» мавзусида байрам шодиёнаси ўтказилди. Унда вилоятдаги олий таълим муассасаларининг талабалари, олима аёллар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида институт фойесида шаҳар-туманларда оилавий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Анжуман қатнашчилари қўли ва қалби гул чеварлар, касаначилар томонидан тайёрланган бежирим кийим-кечаклар, болалар ўйинчоқлари ҳамда уй-рўзғор буюмларини катта қизиқиш билан кўздан кечирдилар.

— Хотин-қизлар манфаатини ҳимоя қилиш борасидаги ўрганишларимиз давомида вилоятдаги 5 та олий таълим даргоҳида ўқиётган 120 нафардан зиёд талаба қизларга моддий-маънавий ёрдам кўрсатилди, — дейди Фарғона вилояти прокурори ўринбосари Фарҳод Исмоилов. — Ўз навбатида хотин-қизларимизнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳам доимий эътиборда. Шуниси аниқки, ҳар бир аёл оилада бахтли бўлса, у жамият ҳаётида ҳам фаол бўлади. Илмли, ҳунарли аёллар эса жамиятнинг бебаҳо бойлигидир. Бугунги анжуманимиз ана шу каби эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли.
Байрам тадбири доирасида олий ўқув юртлари талаба-қизлари иштирокида «Заковат» интеллектуал ўйини ўтказилди. Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган бир гуруҳ талаба қизлар пул мукофоти ва сертификатлар билан тақдирланди.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг