Axios: Трамп маъмурияти Эрон нефть экспортининг асосий нуқтаси бўлган Харг оролини эгаллаш ёки блокада қилишни режалаштирмоқда
АҚШ Президенти маъмурияти Форс кўрфазидаги Эрон нефть экспортининг 90 фоизи ўтадиган Харг оролини оккупация қилиш ёки денгиз блокадасига олиш режасини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда Axios нашри тўртта ишончли манбага таяниб хабар берди.
Харг оролини эгаллаш эҳтимоли Эронга босим ўтказиш ва Ҳўрмуз бўғозидаги ҳаракатни қайта тиклашга (блокададан чиқаришга) мажбур қилиш воситаси сифатида кўрилмоқда. Бироқ ушбу режа бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинмаган.
Операцияни бошлашдан олдин АҚШ Қуролли кучлари Ҳўрмуз бўғози ҳудудидаги Эрон ҳарбий салоҳиятини заифлаштириши керак.
«Бизга эронликларни зарбалар билан янада кучсизлантириш, оролни эгаллаш, сўнгра уларни «жиловлаб олиш» ва бундан музокараларда фойдаланиш учун тахминан бир ой вақт керак бўлади», — деди Оқ уйнинг позициясидан хабардор бўлган нашр суҳбатдоши.
Шунингдек, ушбу операция минтақадаги Америка қўшинлари сонини кўпайтиришни талаб этади. ОАВ маълумотларига кўра, Пентагон Эрон билан урушнинг янги босқичига тайёргарлик доирасида Яқин Шарққа бир неча минг денгиз пиёдалари ва денгизчиларни юборишни тезлаштирган.
АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг истеъфодаги контр-адмирали Марк Монтгомерининг Axiosʼга айтишича, Харг оролини эгаллаш миссияси америкалик ҳарбий хизматчиларни асоссиз хавф остига қўйиши мумкин, айниқса Трамп шартлари асосида Эрон билан тинчлик ўрнатиш истиқболлари ноаниқ бўлиб турган бир пайтда.
Эслатиб ўтамиз, 14 март куни Дональд Трамп АҚШ Харг оролидаги ҳарбий объектларга ҳужум қилганини ва бу «Яқин Шарқ тарихидаги энг кучли бомбардимонлардан бири» бўлганини эълон қилган эди. Президентнинг қўшимча қилишича, оролдаги нефть инфратузилмасига зарар етказилмаган. Америкалик мулозимларнинг сўзларига кўра, ушбу зарба оролдаги эҳтимолий қуруқликдаги операция олдидан «огоҳлантирувчи ўқ» бўлган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг