Авиачипталар пуллари қайтариб берилди
Фарғона вилояти Бағдод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Чўринди қишлоғида яшовчи Маҳкамовлар оиласидан мурожаат келиб тушди. Унда оиланинг 4 нафар вакили жорий йил март ойида Россия Федерацияси Москва шаҳрига олинган авиачиптадан форс-мажор ҳолат юзага келиб фойдалана олмаганликлари сабабли пулини қайтариб ололмаётганликлари баён этилган.
Маълум бўлишича, 4 нафар оға-ини Маҳкамовлар олинган чипта бўйича жорий йилнинг март ойида Фарғона (Ўзбекистон) – Внуково (Москва, Россия) йўналиши бўйича учишлари керак бўлган, лекин мамлакатимизда, шунингдек, дунёнинг кўпгина бошқа давлатларида ҳам эълон қилинган карантин тадбирлари натижасида авиақатновларнинг тўхтатилиши уларнинг ушбу режасини амалга ошмай қолишига сабаб бўлган. Ўз-ўзидан маълумки, уларга мазкур ҳолат бўйича дастлаб бироз шошмай туришлик сўралган, лекин авиақатновларнинг қачон қайта тикланиши юзасидан ҳеч ким аниқ маълумот бера олмаган. Шундан сўнг улар авиачипта учун тўланган пулни қайтарилишини талаб қилганлар. Лекин шу кунга қадар улар авиачипта пулини қайтариб ололмаганлар.
Масалани Бағдод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганиб чиқилиши жараёнида, истеъмолчиларнинг авиачипта учун тўланган умумий суммаси 6 280 000 (олти миллион икки юз саксон минг) сўм пулларини қайтаришга эришилди. Бир неча кунлар давомида ечими ноаниқ бўлиб келган муаммони бартараф этиб берилганлиги учун фуқаролар ёзма равишда ўз миннатдорчиликларини изҳор қилдилар.
"Ҳурматли истеъмолчи! Агарда сизнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларингиз бузилса, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациянинг 1091 ягона қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилишингиз мумкин" дейилади Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ахборот хизмати хабарида.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг